Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, саноат ва хизмат кўрсатиш лойиҳалари билан танишиш ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлаштириш вазифаларини белгилаш мақсадида 24 август куни Самарқанд вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Пайариқ туманига бориб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Қуръон тиловат этилиб, дуо ўқилди.

– Илоҳим, дуоларимиз ижобат бўлиб, Аллоҳ юртимизни тинчлик-осойишталикда сақласин, файзу барака берсин. Мана, мустақиллигимизнинг 32 йиллик байрами арафасида турибмиз. Халқимиз билан бирга шу кунларга етганимизга шукрлар айтамиз. Олдимизга яна катта-катта режалар қўйганмиз. Бунинг учун икки карра кўпроқ ҳаракат қилишимиз, ёшлар тарбиясига эътибор беришимиз керак. Ҳамма соҳада таълимни, билимни оширсак, натижалар юқори бўлади. Ёшларимиз Имом Бухорий, Мирзо Улуғбекдай боболаримизга муносиб бўлишини истаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Ислом маърифати бўйича, худди Бухородагидек, Самарқандда ҳам намуна яратиш кераклиги таъкидланди. Алломаларимиз меросидан фойдаланиб жаҳолатга қарши маърифатни кучайтириш, ёшларни ёт ғоялар таъсиридан асраш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ҳозирги кунда Имом Бухорий мажмуаси янгидан барпо этилмоқда. Давлатимиз раҳбари пардозлаш ишлари намуналарини кўздан кечирди.

Президентимиз Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабини кириб кўрди.

Конституциямизда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани белгиланди. Бу борадаги энг муҳим соҳалардан бири таълимдир. Шу мақсадда янги муассасалар қуриш билан бирга таълимнинг мазмунини яхшилашга ҳам эътибор қаратилмоқда.

782 ўқувчига мўлжалланган 32-умумтаълим мактаби жорий йилда капитал таъмирланди. 22 та синфхона, спорт зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хоналарида замонавий шароитлар яратилган. Кутубхонада 1 минг 500 дан зиёд бадиий адабиётлар жамланган.

Маълумки, ёшларни камида иккита чет тили ва битта замонавий ҳунарга ўргатиш мактаб таълимидаги асосий йўналиш сифатида белгиланган. Мактабнинг бўш турган ер майдонида енгил конструкциялардан қўшимча хоналар қурилиб, 15 хил касб-ҳунар ўргатиш учун шароит яратилди. Бу ерда ўқувчилар компьютер, техник хизмат кўрсатиш, тўқувчилик, сартарошлик, косметология, кулолчилик, ўймакорликнинг илк сабоқларини ўрганади.

Президентимиз хоналарни кириб кўрди, ёзги тўгаракка келган болалар билан суҳбатлашди.

– Биз олий таълимда қамровни кенгайтириб боряпмиз. Лекин ҳамма ҳам университетда ўқишни танламайди. Шунинг учун фарзандларимизга мактабдаёқ чет тиллари ва ҳунар ўргатишни мақсад қилганмиз. Кимнинг, кичкина бўлсаям, қўлида касби, ҳунари бўлса, куни ўтади. Кейин яна ўз устида ишлаб, маҳоратини ошириши мумкин. Мақсадимиз – ҳар бир ёшга муносиб шароит яратиш, – деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев шу ерда ўқитувчилар ва меҳнат фахрийлари билан мулоқот қилди.

Президентимиз Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти фаолияти билан танишди.

Бугунги кунда университетда 25 мингдан ортиқ талаба таълим олади. Бу ерда тўртта – Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти, Муҳандислик физикаси институти, Туркология илмий-тадқиқот институти ҳамда Биокимё институти ташкил этилган.

Биокимё институти жорий йилда университетнинг биология ва кимё факультетлари негизида очилди. Таълим муассасаси учун еттита янги бино қурилди. Жумладан, жами мингдан ортиқ ўринга эга 2 та ўқув биноси, мажлислар зали, оранжерея-иссиқхона, биологик тадқиқотлар лабораторияси – виварий, ботаник тадқиқотлар лабораторияси – гербарий ҳамда талабалар ошхонаси барпо этилди.

Аҳамиятлиси, шу тариқа икки йўналиш мутахассисларига бир майдонда илмий изланишлар олиб бориш имконияти яратилди. Бу биология ва кимё йўналишидаги инновациялар интеграциясини янги босқичга олиб чиқади. Давлатимиз раҳбари институтдаги ўқув хоналари, оранжерея, илмий лабораториялардаги шароитлар билан танишди. Профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилди.

Олимлар истиқболда онкологик дори воситаларининг кимёвий трансформацияси асосида хавфли ўсмаларга қарши танлаб таъсир этадиган янги дори воситаларини яратиш режаси ҳақида сўзлаб берди.

Президент институт профессор-ўқитувчиларини чет элда малака оширишга юбориш, фармацевтика ва кимё маҳсулотларини ишлаб чиқиш, ғўза, узум, доннинг янги навларини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Бугунги кунда Биокимё институтида 8 таълим йўналишида 2800 нафар талаба таҳсил олмоқда. Умуман, университетда 12 та илмий ва 67 та ўқув лаборатория бор.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида барпо этилаётган савдо, саноат ва сервис мажмуаси қурилиш майдонида бўлди. Мажмуа ҳудуди 37 гектар. Бу ерда умумий қиймати 2 триллион 79 миллиард сўмлик 7 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Улардан биринчиси – автомобиллар эҳтиёт қисмлари бозори яқинда ишга туширилади. 11 гектар майдондаги савдо дўконларида 3 мингта иш ўрни яратилади.

Айни пайтда газоблок, пенопласт, оҳак ва зичлагич ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши давом этмоқда. Улар шу йил охирида фойдаланишга топширилади. Шунингдек, келгуси йилларда “Кўксарой автомолл” савдо ва кўнгилочар маркази, ойнага ишлов бериш, пластик ва алюмин ромлар корхонаси қуриб битказилиши режалаштирилган.

Умуман, ушбу лойиҳаларда ўн мингга яқин аҳоли доимий иш билан таъминланади.

Давлатимиз раҳбари бунинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, лойиҳаларни тезлаштириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги “Азия металл проф” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.

Ушбу йирик заводда 2018-2022 йилларда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда умумий қиймати 110 миллион долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бу маблағнинг 33 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициядир.

Дастлаб, 2018 йил декабрда рух ва полимер билан қопланган металл листлар тайёрлаш бошланган бўлса, иккинчи босқичда, 2021 йилдан металл қувурлар ва профиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 2022 йил февралдан иссиқ ўрамали металл листлар ва қурилиш учун профиллар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиши ва экспортбоплиги билан аҳамиятли. Хусусан, ўтган йили корхона томонидан 63 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Ушбу кўрсаткич жорий йилда янада юқори бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда корхонада 520 нафар ишчи меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари лойиҳанинг тўртинчи босқичи – арматура ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиш майдонида бўлди. Бу ерда йилига 390 минг тонна арматура қуйиш қуввати ҳамда 150 та янги иш ўрни яратилади.

Умуман, 2023-2025 йилларда яна бешта лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Уларга жами 621 миллион доллар йўналтирилиб, йилига 1,7 миллион тонна металл ҳамда 10 миллион метр квадрат ойна ишлаб чиқариш қуввати яратилади. 930 та янги иш ўрни очилади.

Президентимиз маҳаллийлаштириш ва таннархни тушириш орқали экспортда рақобатбардошликни ошириш кераклигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар бўйича йиғилиш ўтказди.

Кейинги йилларда вилоят изчил ривожланмоқда. Лекин бу барча туманларда мутаносиб эмас.

Масалан, ҳудуд саноатининг қарийб ярми Самарқанд шаҳрига тўғри келади. Ўтган етти ойда вилоятда 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Лекин уларнинг 78 фоизи Самарқанд шаҳри, Каттақўрғон, Пастдарғом ва Самарқанд туманлари ҳиссасига тўғри келган. Сўнгги беш йилда электр истеъмоли 1,5 бараварга ошган. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик, сувни тежаш етарли эмас.

Шу каби таҳлиллардан келиб чиқиб, Президентимиз тадбиркорлик, инвестиция, саноат, туризм соҳаларидаги имкониятларни кўрсатиб ўтди.

Маҳаллаларда тадбиркорлик ва деҳқончиликни қўллаб-қувватлаш, узум ва писта етиштиришни кўпайтириш, серқатнов йўллар бўйида хизмат кўрсатиш соҳасида аҳолини ишли қилиш зарурлиги таъкидланди.

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг 15 та тумандаги ҳудуди ва вилоятдаги 106 та саноат зонасини инфратузилма билан таъминлаш учун шу йилнинг ўзида 170 миллиард сўм ажратилган. Лекин уларда 620 гектар ер бўш турибди. Мутасаддиларга инфратузилма муаммосини ҳал этиб, ушбу майдонларга тадбиркорларни жалб этиш бўйича топшириқ берилди.

Оқдарё ва Пастдарғомдаги подстанцияларни янгилаш, йил якунигача Каттақўрғон тумани ва Самарқанд шаҳрида қуввати 250 мегаватт бўлган 2 та қуёш электр станциясини ишга тушириш вазифаси қўйилди.

Вилоятда туризм соҳасида 20 мингта доимий иш ўрни яратиш ва экспортни 500 миллион долларга етказиш имконияти борлиги қайд этилди. Бунинг учун жозибадор дастурларни кўпайтириш, йўлларни ва жамоат транспортини қулай қилиш зарурлиги таъкидланди. Туризм салоҳияти юқори 100 та маҳалла ва қишлоқда “туризм ипотекаси” дастури асосида янги саёҳат манзиллари очиш бўйича кўрсатма берилди.

– Халқимиз биз белгилаб олган жуда катта вазифаларнинг ижросини кутяпти. Ҳар бир ҳоким ҳудудидаги имкониятдан тўғри фойдаланиб, маҳсулот чиқариб, одамларга иш ўрни яратмаса, буни четдан келиб ҳеч ким қилиб бермайди. Натижадорликни ҳар йили ошириб бориш зарур. Қолган тўрт ой келгуси йилга мустаҳкам замин ясайдиган ойлар бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар бўйича вилоят ва туманлар ҳокимлари, соҳа мутасаддилари ахборот берди.

Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Ғолиб ҲАСАНОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари