“Ғарб давлатларининг гегемонликни сақлаб қолиш истаги Украинадаги ҳозирги инқирозга сабаб бўлди”. Россия Президенти Владимир Путин БРИКС давлатлари раҳбарлари учрашувида видео алоқа орқали сўзлаган нутқида, жумладан, шундай деди.
Унинг сўзларига кўра, “аввалига Ғарб давлатлари ёрдами билан ушбу давлатда конституцияга зид давлат тўнтариши амалга оширилди, кейин бунга хайрихоҳ бўлмаган одамларга қарши уруш очилди”.
– Россия ўз маданияти, анъанаси, тили, келажаги учун курашаётганларни қўллаб-қувватлашга қарор қилди, – деди давлат раҳбари. – Украинадаги ҳаракатимизга жавобан фақат бир нарса – ғарбликлар ва уларнинг ушбу мамлакатдаги сунъий йўлдошлари томонидан Донбассда яшовчи аҳолига қарши бошланган урушга чек қўйиш талаб этилади.
Шу билан бирга Президент БРИКСга аъзо мамлакатларнинг Украина инқирозини тинч йўл билан ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатини юқори баҳолади.
“Биз мавжуд вазиятга барҳам бериш ва тинч йўл билан адолатли келишувга эришишга фаол интилаётган ҳамкасбларимизга миннатдорлик билдирамиз”, – деди РФ раҳбари.
Путин БРИКС давлатлари ҳар қандай гегемонликка, мамлакатлар эксклюзивлигига, шунингдек, неоколониализм сиёсатига қарши эканини билдирди.
“Биз баъзи давлатлар томонидан ўз эксклюзивлиги орқали тарғиб қилинаётган ҳар қандай гегемонияга қаршимиз ва бу янги сиёсат – мустамлакачилик, янгича мустамлакачиликни давом эттириш сиёсатига асосланган”, – деди Россия етакчиси.
Унинг сўзларига кўра, Россия БРИКС, ШҲТ, МДҲ ва бошқа тузилмалардаги ҳамкорлари билан бирга маданият келажаги бўйича жиддий мулоқотга умид қилмоқда.
“Маданият ва цивилизация хилма-хиллиги янги кўп қутбли дунё тартибининг таянч устуни сифатида маданий алмашинув, санъат ва ижод учун ажралмас, эркин макон яратишни назарда тутади”, – деди Путин.
Россия раҳбари “Шу йил 16-18 ноябрь кунлари Санкт-Петербургда ўтказилиши режалаштирилган 9-Халқаро маданият форуми ана шундай мулоқот майдонига айланиши мумкинлиги”ни таъкидлади.
Келаси йил БРИКСга раислик Россияга ўтади.
– Бизнинг раислигимиз “Aдолатли глобал ривожланиш ва хавфсизлик учун кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш” шиори остида ўтади, – деди Путин. – 2024 йил октябрда Қозон шаҳри БРИКС саммитини қабул қилади. Ҳамкасбларимиз билан дипломатик йўлаклар орқали аниқ санани келишиб оламиз.
РФ раҳбари БРИКС ҳамкорлигининг муҳим, устувор йўналишларидан бири янги барқарор, хавфсиз транспорт йўналишларини яратиш эканини таъкидларкан, тузилма таркибидаминтақалараро ва глобал транспорт йўлакларини ривожлантириш билан шуғулланадиган транспорт бўйича доимий комиссия тузишни ҳам таклиф қилди:
– БРИКС доирасида нафақат “Шимол – Жануб” лойиҳаси, балки кенг кўламли, минтақалараро ва глобал миқёсдаги логистика ва транспорт йўлакларини, ривожлантириш билан шуғулланадиган, доимий фаолият кўрсатадиган комиссия ташкил этиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. БРИКС бизнес-форуми иштирокчилари билан мулоқот чоғида шимолий сув ҳудуди ва Болтиқ бўйидаги Россия портларини денгиз терминали билан боғлайдиган Шимол – Жануб йўлаги каби транс қитъавий йўналишларни жадал ривожлантириш долзарблигини айтдим. Биз жанубий африкалик ҳамкасбларимизнинг хотин-қизлар масаласи бўйича алоҳида вазирлар йиғилишини ташкил этиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Ушбу лойиҳанинг давлатларимиз сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётидаги роли, шубҳасиз, кенгайиши керак.
Гўзал Сатторова тайёрлади.
ЎзА