Шу кунларда жаҳон ҳамжамияти нигоҳи Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) пойтахти Йоханнесбургда бўлиб ўтаётган БРИКС саммитига қаратилган. Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва ЖАР етакчилари иштирок этмоқда. Тузилманинг яна бир аъзоси Россия Президенти Владимир Путин саммитда видеоконференция орқали иштирок этишини маълум қилган. РФдан ЖАРга ташқи ишлар вазири Сергей Лавров борган. Қайд этиш лозим, йирик иқтисодиётга эга мамлакатлар уюшмаси – БРИКС нуфузи тобора ортаётгани халқаро ҳамжамият томонидан бот-бот айтилмоқда. Бу галги саммитда ҳам дунё иқтисодий ва сиёсий ҳаёти билан боғлиқ муҳим қарорлар қабул қилиниши кутиляпти.
БРИКС Бразилия Федератив Республикаси, Россия Федерацияси, Ҳиндистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси ва Жанубий Африка Республикаси давлатлараро бирлашмаси ҳисобланади.
БРИК қисқартмаси 2001 йил Американинг “Goldman Sachs” молия ва инвестиция компанияси глобал иқтисодий тадқиқотлар бўлими бошлиғи Жим О,Нил томонидан ишлатилган. Мазкур атама ялпи ички маҳсулот миқдори энг жадал ўсиб бораётган дунёнинг тўрт иқтисодиёти – Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой давлатлари бош ҳарфидан ясалган. 2011 йил февраль ойида Жанубий Африка Республикаси қўшилиши гуруҳ номини БРИКС тарзида ўзгаришига сабаб бўлди.
БРИКС давлатларида жами дунё аҳолисининг 40 фоизидан кўпи, тахминан, 3 миллиард 240 миллион киши яшайди. 2000-2026 йилларда БРИКСга аъзо мамлакатлар нуфузи яна 625 миллионга кўпайиши кутиляпти. Сезиларли ўсиш, асосан, Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келади.
Британиянинг “Acorn Macro Consulting” компанияси томонидан 2023 йил март ойи охирида эълон қилинган маълумотга кўра, БРИКС ҳозир жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 31,5 фоизини таъминлайди. 2030 йилга бориб бу улуш 50 фоиздан ошиши тахмин қилиняпти. БРИКС+ форматига қабул қилиниши кутилаётган яна бир неча йирик давлат қўшилиши билан тузилмада дунё бўйлаб товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўрсаткичининг ярмига анча олдинроқ эришиш имкони пайдо бўларкан.
Ҳисоб-китобга кўра, 2023 йил БРИКСга аъзо мамлакатларнинг умумий ялпи ички маҳсулоти 27,6 триллион доллардан ошади.
2008 йил 7 ноябрь куни Сан-Паулуда катта йигирматалик тадбирлари арафасида Бразилия томони ташаббуси билан ташкилот молия вазирларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Ўшанда аъзо давлатларнинг жаҳон иқтисодиёти ва молияси долзарб масалаларига умумий ёндашувни акс эттирувчи қўшма коммюнике қабул қилинган.
Аъзо давлатлар нуфузли халқаро тузилмалар – БМТ, Катта йигирматалик, ЖСТ, Қўшилмаслик ҳаракати, 77 гуруҳи, шунингдек, минтақавий бирлашмалар – МДҲ, КХШТ, ЕОИИ, ШҲТ ва бошқа ташкилотларда фаолият юритади.
БРИКСга раислик аъзо давлат томонидан тақвим йили давомида ротация асосида амалга оширилади. Барча қарорлар консенсус асосида қабул қилинади.
Ҳар йили юздан ортиқ учрашув ўтказилади. Қолаверса, шаҳар маъмуриятлари, бизнес, академик ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти ўртасида ўзаро ҳамкорлик ривожланмоқда. Уюшма жорий ишини мувофиқлаштириш учун Миллий Шерпас/Соус-Шерпас институти жорий қилинган.
2020 йил БРИКСга Россия раислик қилган бўлса, 2021 йилда бу масъулият Ҳиндистонга ўтди. 2022 йилда бошқарувни Хитой қабул қилиб олди. Айни пайт Жанубий Африка ташкилотга раислик қилмоқда. БРИКС етакчилари 23 июнь куни видеоконференция орқали ҳам саммит ўтказишган.
2022 йил БРИКСни янада инклюзивлаштириш учун аъзо давлатлар сонини кенгайтириш режаси эълон қилинди. Шундан сўнг мазкур иқтисодий тузилмага Жазоир, Аргентина, Бангладеш, Баҳрайн, Беларусь, Боливия, Куба, Миср, Эфиопия, Гондурас, Индонезия, Эрон, Қозоғистон, Қувайт, Марокаш, Нигерия, Фаластин, Саудия Арабистони, Сенегал, Таиланд, Бирлашган Араб Амирликлари, Венесуэла каби 23 давлат раҳбарлари расман қўшилиш истагини билдирган. Саммитда янги аъзолар ёки номзодлар эълон қилиниши эҳтимолдан холи эмас.
Саидмурод Раҳимов, ЎзА шарҳловчиси