Назорат тадбирларида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати фош этилди.
Маълум бўлишича, тумандаги “Мах Газ Сервис” масъулияти чекланган жамияти табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келган.
Хусусан, ушбу жамиятга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ сарфини ўлчаш комплексига ташқи таъсир кўрсатилган.
Мазкур ноқонуний ҳолат натижасида давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори 3 миллиард 854 миллион 433 минг сўм (3 миллион 854 минг 433 метр куб)ни ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, ушбу ҳажмдаги табиий газ билан 19 мингдан зиёд хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш мумкин.
Мазкур ҳолат бўйича ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди.
Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА