Пойтахтимизда “Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва оилавий зўравонликнинг олдини олишнинг долзарб масалалари” мавзусида конференция бўлиб ўтди. Унда сўнгги йилларда хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилган ишлар айтиб ўтилди:

— Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилди;

— Қонун билан хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, уларга нисбатан содир этилаётган зўравонлик ҳолатларининг олдини олишнинг кучли тизими яратилди ҳамда бундай турдаги ҳаракатлар учун жавобгарлик чоралари кучайтирилди;

— Оиладаги зўравонлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди. Ўзбекистон оиладаги зўравонликни қонунга алоҳида жиноят сифатида киритгани халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди;

— Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга даъво аризалар киритишда давлат божи тўлашдан озод қилинди.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари шу кунга қадар 142 суд жараёнида бевосита иштирок этди. Натижада 15 нафар хотин-қиз кафиллик асосида муддатидан олдин жазодан озод этилди.

Жорий йилда 18 мингдан зиёд аёл давлат ҳимоясига олиниб, уларга ҳимоя ордери берилди.

Зўравонликдан жабр кўрганлар билан индивидуал иш олиб бориш натижасида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолати 2023 йил 6 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга камайди.

Ҳимоя ордери бериш натижасида 8 мингга яқин оилани яраштиришга, 9 минг 720 низони бартараф этишга эришилди. Расмийлаштирилган 3 минг 454 ҳимоя ордери бўйича маъмурий ёки жиноий жавобгарлик белгиланиб, хотин-қизларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА