Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида объектларнинг қурилиш жараёнида пудрат ташкилотининг ички назорати, лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати, буюртмачи ташкилотининг техник назорати ва инспекциянинг давлат назорати амалга оширилиши қайд этилди. Шунингдек, объектга олиб келинган қурилиш материаллари ва буюмлар сифати ҳам назорат қилинади.
Барча кўп қаватли уйлар тегишли лойиҳа ҳужжатлари асосида қурилади ва уларнинг қатъий назорати олиб борилади.
– Вазирлар Маҳкамасининг “Иқлим ўзгариши ва табиий офатлар хавфига нисбатан миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда самарали амалга оширишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида Ўзбекистонда кўплаб бинолар, айниқса, якка тартибдаги уйлар қурилиш норма ва қоидаларини ҳисобга олмаган ҳолда қурилгани сабабли уй-жой қурилиши объектларининг 70 фоизи сейсмик барқарор эмас, дейилган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, якка тартибдаги уй-жойларни қуриш лойиҳалари соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқилган. Бу ерда гап ерли хонадонлар, яъни ҳовлилар қурилиши ҳақида кетмоқда. Уларни эса хонадон эгалари ўз имкониятидан келиб чиқиб қуради. Мазкур уйларда конструктив ечимларнинг акс эттирилиши талаб этилмайди ва ушбу лойиҳалар экспертизадан ўтказилмайди, – дейди қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов.
Қурилиш материалларини танлаш, уларни тегишли норматив ҳужжатларга мувофиқ ишлатиш қурилишни амалга оширадиган фуқаролар зиммасида бўлади. Мазкур лойиҳалар туман (шаҳар) қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимлари томонидан давлат хизматлари марказлари ёки электрон портал орқали келишилади. Шуни ёдда тутиш керакки, якка тартибдаги уй-жойлар (яъни ўзи истиқомат қилаётган уйлар)ни сифатли қуриш аввало, уй эгасининг зиммасидаги бирламчи вазифа ҳисобланади.
Вазирлик ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси ҳар бир кўп қаватли уйнинг лойиҳа асосида барпо этилишини назорат қилади. Лойиҳа-смета ҳужжатларидан чиқиш ҳолатлари кузатилса, уй инспекция томонидан қабул қилинмайди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА