Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Руминиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэль Кристиан Чобану Тошкент вилояти ҳудудида, 2823 метр баландликда жойлашган Пўлатхон ясси тоғига кўтарилди. Элчихонадан ЎзАга маълум қилишларича, дипломат чўққида туриб қисқа видеоролик орқали ўзбек тилида истиқлолимиз кунига бағишлаб халқимизга қутлов йўллаган.

Чобану ушбу машҳур ясси тоғнинг энг юқори нуқтасини муваффақиятли забт этган биринчи элчи сифатида тарихга кирди.

Пўлатхон жануби-ғарбий Тиён-Шон тизмасида, Тошкент вилояти Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган.

Руминиянинг Марказий Осиё минтақасидаги устувор манфаати Ўзбекистон билан сиёсат, дипломатия, савдо-иқтисодиёт, маданият ва таълим соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсади билан ҳамоҳанг. Табиийки, диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мавжуд шерикликни кенгайтириш учун янги истиқбол очмоқда.

2021 йил Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан элчи Даниэль Кристиан Чобану Катта Чимён тоғига, ўтган йил эса Қашқадарё вилоятидаги Ҳазрати Султон чўққисига чиққан.

2022 йил 18 декабрь куни Руминия элчихонаси Ўзбекистон Республикаси билан икки ва кўп томонлама муносабатни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Ташқи ишлар вазирлигидан миннатдорлик мактубини қабул қилган.

Жорий йил 7 август куни Чобану Руминия дипломатиясининг 161 йиллиги ва мамлакатимиз мустақиллигининг 32 йиллигини яна бир ўзига хос услубда нишонлаб, ҳаво шарида парвоз қилган эди.

Б.Худойбердиев, ЎзА