Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 июль куни инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида тармоқ ва ҳудудлардаги инвестиция кўрсаткичлари, лойиҳаларнинг ижроси ва йил якунигача бўлган устувор вазифалар белгиланди.

Жорий йилнинг ўтган олти ойида тармоқларда 3,6 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилгани, лекин айрим ҳудуд ва тармоқларда бу кўрсаткич паст, инвестиция муҳити қониқарсиз экани қайд этилди.

Йиғилишда инвестиция дастурларидаги 1 минг 500 та лойиҳани тезлаштириш ва 12 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича қўшимча вазифалар белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида мазкур топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган мажлис ўтказилди.

Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев бошқарган мажлисда 2023 йил учун белгиланган хорижий инвестицияларни ўзлаштириш режаси бажарилишининг жорий ҳолати кўриб чиқилди. Уларни амалга оширишда юзага келаётган муаммолар ва бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокама қилинди.

Инвестиция дастури доирасида 117 хорижий молия институтлари маблағлари иштирокидаги лойиҳаларнинг ҳар бири танқидий муҳокама қилинди. Шундан муаммоли 55 лойиҳага масъул ходимлар бириктирилиб, уларни ўзлаштириш бўйича аниқ чоралар белгилаш ҳақида таклифлар ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, дастур доирасида вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари томонидан амалга оширилаётган 302  та лойиҳа муҳокама қилинди.

Муҳокамада 46 та лойиҳани амалга оширишда муаммо мавжудлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Уни таъминлаш учун вазирлик ва идораларга кўрсатма ҳамда топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА