Учқўрғон текстиль маҳсулотлари довруғи дунёга таралади

Президентимиз Учқўрғон туманидаги “Uztex Uchkurgan” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.


Ўтган йил ноябрь ойида Uztex гуруҳи таркибида замонавий типдаги тўқимачилик мажмуаси фаолият бошлаган эди. Натижада бу ерда 1 минг 600 дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилди. Корхона йилига 12 минг тонна калава-ип ва 3 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан пахтани 100 фоиз қайта ишлашга ихтисослашган корхона энди тўлиқ кластер усулига ўтади.
Президентимизга корхона фаолиятини кенгайтириш ва кластер тизимида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдим этилди. Ҳозирги кунда корхонага ёндош ҳудудда пахтани юқори технологиялар асосида қайта ишлашга мўлжалланган ҳамда полиэфир аралашган пахта толаси, момиқ мато ва тайёр текстиль ишлаб чиқариладиган қўшимча қувватлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Муҳими, яна кўплаб янги иш ўринлари яратилади. Қарийб олти ой давомида амалга оширилиши кўзда тутилаётган лойиҳаларнинг ҳар бири 70 миллион доллар ҳажмига тенг. Технологик жараёнларга Европа давлатларидан келтириладиган ускуналар жалб этилади. Бу маҳаллий пахта хомашёсини қайта ишлаш сифатини ва экспорт кўламини оширишга хизмат қилиши эътироф этилди.
Давлатимиз раҳбари корхона иш жараёнини кўздан кечирди, пахта тўқимачилик кластерини ташкил этиш борасидаги ишлар билан қизиқди.
Бу йил туман ҳудудидаги 10 минг гектарга яқин ер майдони кластер усулида пахта етиштиришга ажратилди. Фермер хўжаликлари билан шартномалар тузилиб, ерга чигит қадалди. “Текстиль финанс Наманган” корхонаси томонидан хориждан экиш техникалари, культиваторлар, тракторлар, пахта териш ва уни қадоқлаш комбайни сотиб олинди. Пахта майдонларига минерал ўғитлар етказиб берилди.
Президентимиз корхона мутасаддиларига пахтага суньий толани аралаштириб, маҳсулот ҳажми ва иш жойини, пировардида бюджетга солиқ тушумини кўпайтириш бўйича аниқ кўрсатмалар берди. Шунингдек, айланма маблағларни ошириш ҳисобига тумандаги кам таъминланган оилаларга тухум ва товуқни лизингга бериш кераклигини таъкидлади.
– Кам таъминланган оилаларга кўмак бериш, уларга ғамхўрлик кўрсатиш “Uztex Uchkurgan” корхонасининг брендига айланиши лозим, –деди Шавкат Мирзиёев. – Шу орқали аҳолининг муҳтож қатламини ишлашга, яшашга ўргатамиз, ҳаётга бўлган умидини оширамиз.
Туманда кластер тизимида чигит экишдан то тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи сифатли ташкил этиш, 2 та янги боғча қуриш, ичимлик сув ва канализация тармоқларини барпо этиш юзасидан топшириқлар берилди.

2.jpg
3.jpg
4.jpg
5.jpg
6.jpg
7.jpg
8.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА