Италия Россия ва Беларусь фуқаролари учун амалда бўлган инвестиция ҳисобига Апеннин оролида доимий яшашга рухсат берувчи Investor Visa for Italy дастурини тўхтатди, дейилади мамлакатнинг корхоналар ва маҳсулотлар бўйича вазирлиги тарқатган хабарда.

Европа Иттифоқига кирмайдиган мамлакатлар фуқаролари учун “олтин виза” бериш дастури 2017 йилда йўлга қўйилган эди. Ушбу ҳужжатга биноан, мамлакат иқтисодиётига сезиларли миқдорда инвестиция киритган хорижий давлат фуқароси оиласи билан бирга  Италияда яшашга рухсат олиши мумкин. Бироқ ушбу лойиҳа инвестиция кўлами паст бўлгани учун Греция, Испания ва Португалиядаги лойиҳалар каби оммалашмади.

Натижада, 2020 йил май ойида ҳукумат COVID-19 пандемияси шароитида мамлакат иқтисодиётини жонлантиришга уриниб, Investor Visa for Italy  дастури бўйича талаб қилинган сумма миқдорини икки баробарга камайтирди. Айни дамда инвесторлар “олтин виза” олиш учун Италия стартапларига 250 минг, маҳаллий компанияларга 500 минг евро жалб қилиши керак. Хайрия бадали учун 1 миллион евро, ижтимоий муҳим ташаббуслар ёки давлат облигациялари учун 2 миллион евро сармоя киритилиши талаб қилинган. “Олтин виза” эгалари махсус солиқ режимидан фойдаланиши, ўн йилдан кейин эса Италия фуқаролигини олишга ҳаракат қилиши мумкин бўлади.

РИА Новости тарқатган маълумотда айтилишича, Investor Visa for Italy дастуридан шу кунгача тахминан 200 киши фойдаланган. Ўтган йили россиялик 30 нафар инвестор «олтин виза” соҳибига айланган.

ЎзА