Қорақалпоғистон Республикаси Тахтакўпир туманининг энг чека “Белтов” овул фуқаролар йиғинида “Боршитов” оилавий поликлиникаси биноси 500 миллион сўм маблағ эвазига капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.

Оилавий поликлиниканинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, янги оилавий поликлиникалар ташкил қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Айниқса, Президентимизнинг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори асосида ҳудудларнинг йўл-транспорт инфратузилмасини, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш, аҳолининг фаровонлиги ҳамда турмуш даражасини янада юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Авваллари тиббий кўрикдан ўтиш учун аҳоли қўшни овулдаги поликлиникага бориб қайтадиган бўлса, эндиликда ўз ҳудудида барча шароитларга эга муассасада малакали тиббий хизмат кўрсатилиши йўлга қўйилди. Очилиш маросимидан сўнг йиғилганлар поликлиникада яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА