Миср эҳромларининг сири узоқ йиллардан буён кўпчиликни қизиқтириб келади. Ҳатто баъзи тарихчилар орасида “Ер юзидаги барча тирик мавжудотлар вақтдан қўрқади, вақтнинг ўзи эса – пирамидалардан” деган ибора юради. Бироқ ҳеч ким бу улкан “тоғ”ларнинг нега қурилганига аниқ жавоб бера олмайди. Хўш, Миср эҳромлари инсоният маҳсулими ёки…?
Асрлар мобайнида баҳайбат тошли осори атиқалар ҳали ҳамон ер юзида савлат тўкиб турибди. Ҳанузгача улар инсоният учун жумбоқлигича қолмоқда. Баъзилар уларни ўтмиш цивилизацияларининг яширин номалари, яна бирлари пирамидаларни ўзга сайёраликларнинг “ижод маҳсули” дейишса, қолганлар ушбу улкан мўъжизаларнинг пайдо бўлиш тарихини афсонавий Атлантида билан боғлашга ҳаракат қилишади.
Эрамиздан аввалги 3 мингинчи йилларда фиръавнлар куч-қудратга тўлиб, 80-100 минг нафар одамни ишлатиб, дунёнинг энг узун ва серсув дарёси бўйидаги Гиза водийсида бирин–кетин пирамидалар қурдира бошлади. Пирамида аслида фиръавн учун хилхонадир. Фиръавнлар бу ёруғ оламдан кўз юмгач, жуда катта бойлик – олтин қопланган хоналар, мўмиёланган танаси солинадиган саркофаг ва яхлит олтин ёмбидан ясалган ниқоб, беҳисоб зебу-зийнатлар билан қўшиб дафн этилган. Уларнинг ақидасига кўра, вақти келиб фиръавн тирилади ва яна ҳукмронликни давом эттиради. Одатда фиръавн хилхонасини пирамидани қурган саноқли уста ва унинг энг содиқ мулозимлари билган ҳамда уларнинг барчаси дафндан сўнг ихтиёрий ўлимга маҳкум эди. Фиръавн учун жон фидо қилмоқлик у билан яна дунёга қайта келиш кафолати деб инонилар эди.
Пирамидаларнинг ичида махсус хоначалар бўлиб, бу шахсан “қуёш ўғли”нинг ўзига аталган. Чунки, фиръавн вафотидан сўнг жасади шу хоналардаги махсус саркофагларда сақланган. Эҳромнинг ичига бешта махсус қурилган йўлакчалар орқали кириш мумкин. Аммо улардан фақат биттасигина сизни фиръавн қабри жойлашган хонасигача олиб боради. Эҳром ичидаги йўлаклар сизнинг фиръавн саркофагигача бора олмаслигингиз учун атай қурилган. Сабаби саркофаг атрофидаги беҳисоб бойликларнинг таланиши мумкинлиги ўша даврдаёқ меъморларни ўйлантирган. Нотўғри йўлакчаларнинг охири йўқ. Худди лабиринт сингари улкан эҳром ичида чиқиш йўлини топа олмай ҳалок бўлишингиз ҳеч гап эмас.
Кўрсатувнинг тўлиқ шаклини ЎзАнинг “YouTube” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Интернет материаллари асосида Ўткир Мирзо тайёрлади.
Видеомуҳандис Искандар Исмат,
ЎзА