Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик, жамиятда фуқаролар тотувлигини мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига Халқлар дўстлиги куни муносабати билан йўллаган байрам табригида “Ўзбекистон — улкан имконият ва ресурсларга эга бўлган мамлакат. Лекин бизнинг энг катта бойлигимиз — турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир” дея таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда ҳар йили Халқлар дўстлиги куни байрами кенг нишонланиб келинмоқда. Байрам арафасида мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни, турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарни ривожлантириш борасидаги катта хизматлари, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз мамлакатимизнинг юксак орден ва медаллари билан тақдирланди. Уларнинг орасида қорақалпоғистонликлар ҳам бор.
Тадбирда байрам муносабати билан бир гуруҳ фаолларга кўкрак нишонлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди. Иштирокчиларга санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА