Мамлакатимизда ҳар йил 30 июль – Халқлар дўстлиги куни кўтаринки кайфиятда, байрамона руҳда нишонланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу байрам таъсис этилиши кўп миллатли Ўзбекистон халқини жуда қувонтирди.
Мазкур санани муносиб нишонлаш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда юртимизда 27-30 июль кунлари Дўстлик фестивали ўтказилмоқда.
Бугун фестиваль доирасида пойтахтимиздаги Алишер Навоий номли кино санъати саройида “Дўстлик” видеороликлар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танлов ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадини кўзлайди. Айни жараёнда асосий эътибор республикамизда фаолият юритаётган миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, дунё мамлакатлари, шу жумладан, Марказий Осиё давлатлари билан самимий дўстлик, аҳил қўшничилик тамойилига асосланган муносабатни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, ёш авлод онгида миллатчилик, радикализм, экстремизм, ксенофобия ғоялари ва бошқа таҳдидларга қарши мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикасининг миллатлараро муносабатларга доир давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш орқали юртимиз имижини янада ошириш ҳам ташкилотчилар диққат марказида бўлди.
Танлов дўстлик мавзуси тараннум этилган энг яхши ролик, миллатлараро тотувлик акс этган энг яхши кўрсатув, репортаж, фильм номинациялари бўйича ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидан 123 ижодий иш қабул қилинди.
Натижаларга кўра, “Дўстликни тараннум этувчи энг яхши ролик” номинацияси бўйича Равшан Мирзабеков “Бағрикенг ўзбегим” ролиги билан биринчи ўринни эгаллади. Элёр Тўлаганов “Ўзбекистон – умумий уйимиз” ролиги учун иккинчи, Шаҳноза Қаландарованинг “Икки тилли бир элмиз” номли ролиги учинчи ўринни қўлга киритди.
“Миллатлараро тотувлик акс эттирилган энг яхши кўрсатув, репортаж, фильм” номинацияси бўйича Абдуазим Илҳомжоновнинг “Уй” фильми биринчи ўринга сазовор бўлди. Рита Пак “Корейцы в Узбекистане” кўрсатуви учун иккинчи, Бектош Азимов “Озарбайжон миллий маданий марказининг юбилейи” кўрсатуви учун учинчи ўринда қайд этилди.
Танловга юборилган ижодий ишларни муносиб тақдирлаш мақсадида 5 та рағбатлантирувчи мукофот ҳам белгиланган.
Ҳар икки номинацияда ғолиб чиққан 1-ўрин соҳиблари 25 миллион сўм, 2-ўрин эгалари 20 миллион сўм, ҳамда 3-ўринни эгаллаганлар 15 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирланди. Рағбатлантирувчи ўрин соҳибларига 10 миллион сўмдан берилди.
Танловда эътироф қилинган ижод намуналари йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Гўзал Сатторова,
Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА