Ҳақиқий дўстлик олтиндан қиммат дейдилар. Мамлакатимиз диний бағрикенглик ва миллатлараро муносабатларни тўғри йўлга қўйиш борасида ўзига хос тажрибага эга. Жамиятимизда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, барча фуқароларга миллати ва диний эътиқодидан қатъий назар, тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Бошқа миллатларга ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш – ўзбек халқи миллий руҳиятининг ажралмас фазилатидир.

Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Бундай эътибор натижасида кўп миллатли халқимизнинг бой тарихий-маданий мероси қайта тикланди ва қадр топди.

Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Халқлар дўстлиги куни» муносабати билан халқимизга йўллаган табриги ҳам юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларига ўзига хос ҳурмат ифодаси рамзи бўлди дея айта оламиз.

Ҳар қандай миллат, у нақадар кичик бўлмасин, инсониятнинг бойлигидир. Унинг тили, маданий ва бошқа хусусиятларининг йўқ бўлиб кетиши ер юзидаги маданий ва генетик фонднинг, шахс имкониятларининг қашшоқлашувига олиб келади. Шу жиҳатдан ҳар бир этник бирликни сақлаб қолиш – бизнинг ҳам вазифамиз эканлигини англашимиз лозим.

Инсоният учун энг катта бойлик тинчликдир, тинчликнинг манбаи эса ҳамжиҳатликдир. Ўзаро тотувлик ва дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари барқарор гўшадагина инсон эмин-эркин яшайди, ҳар қандай орзусига эришади. Шу жиҳатдан қараганда, бизнинг энг катта бойлигимиз, энг асосий ютуғимиз, ҳурматли Президентимиз таъкидлаганларидек, аввало, Ватанимиз осмонининг мусаффолиги, жамиятимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва бирдамлик муҳитидир.

Бу неъматларнинг қадрига етиш ҳамда турли миллат ва элатлар вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаётган Ватанимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, кимлигимиздан қатъи назар, барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ўткир AЛИМОВ, ЎзA