Жорий йилнинг 7 февралида мамлакатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган ва ана шу дастур бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилган эди.
Мазкур қарор “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида куни кеча Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида “Одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусида соҳа ходимлари учун ёзги мактаб ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, судьялар, Халқаро юристлар комиссияси маслаҳатчилари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Маълумки, инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жамиятда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқларидан ташқари бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш ҳамда бу борадаги қадриятларни ривожлантиришга хизмат қилади.
– Ёзги мактабни ташкил этишдан мақсад, тингловчиларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва малакаларини янада оширишдир, -дейди Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби директори Ҳожимурод Исоқов. – Ёзги мактаб давомийлиги жорий йилнинг июль-август ойларига мўлжалланган бўлиб, унинг тингловчилари сифатида судьялар ва прокурорлар жалб қилинган.
Йиғилишда таъкидланганидек, ёзги мактабда халқаро ва миллий экспертлардан иборат етакчи мутахассислар гуруҳи ўқув машғулотлари олиб боради. Ўқув курси якунида тингловчиларга махсус сертификатлар тақдим этилади.
Ўткир Алимов,
Аброр Содиқов (видео), ЎзА