Қорақалпоғистон Республикасидаги 16 та, шунингдек Нукус шаҳри ва Хўжайли туманида янгидан ташкил этилган 2 та ихтисослаштирилган мактабга кириш имтиҳонлари давом этмоқда.
Мамлакатимизда ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва тарбиялаш тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида” ги фармони асосида Президент таълим муассасалари агентлиги тизимида ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ташкил этилди. Ушбу мактабларга қабул қилиш аниқ ва табиий фанлар, хорижий тиллар бўйича ўтказиладиган кириш имтиҳонлари натижаларига кўра амалга оширилади.
Кириш имтиҳонлари Нукус олимпия ва паралимпия коллежининг иккита, Қорақалпоқ давлат университетининг иккита биносида ҳамда Республика ўйин турлари ва енгил атлетика бўйича ихтисослаштирилган спорт мактабида бўлиб ўтмоқда. Ўқувчиларга берилган топшириқларни бажариш учуш 90 дақиқа вақт берилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича имтиҳонларда умумтаълим мактабларининг жами 9 минг 558 нафар ўқувчиси иштирок этмоқда. Ўқувчилар учун барча зарур шароитлар яратилди. Бинолар совутгичлар, ахборот технологиялари билан таъминланган. Имтиҳон жараёнлари тегишли соҳа вакиллари томонидан назорат қилиб борилмоқда.
– Саволлар ўйлаганимдек мураккаб эмас экан, барча саволларга жавоб бериб чиқдим, – дейди Нукус шаҳридан Шаҳноза Маратова. – Кириш имтиҳонларига устозларим билан биргаликда тайёргарлик кўрдим. Чет тилларига қизиқаман. Ихтисослаштирилган мактабга кириб, билимимни янада орттирмоқчиман.
Ихтисослаштирилган мактабларга кириш имтиҳонлари уч кун давом этади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА