Пойтахтимизда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқарув академияси ҳамкорлигида “Аёлларнинг давлат хизматидаги ўрни: замонавий тенденциялар” мавзусида республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада мамлакатимизда мустаҳкам қонуний асослар яратилди.

Жорий йилда янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасига мувофиқ, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, яратилган меритократия тамойилига кўра, ҳар қандай давлат хизматчиси, жинсидан қатъи назар, ўз қобилияти ва касбий тайёргарлигига мувофиқ лавозимда кўтарилиши мумкин.

Замонавий жамиятни демократлаштириш аёлларнинг мамлакат сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишини тақозо этмоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда қарорлар қабул қилиш жараёнида хотин-қизларнинг иштироки сезиларли даражада ортиб, тадбиркорлик соҳасида 37 фоизга, сиёсий партияларда 46 фоизга, олий таълимда 48 фоизга етди.

Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда бошқарув ходимлари таркибида аёлларнинг улуши 28,2 фоизни ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида энг юқори кўрсаткич Андижон вилояти (38,8 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (34 фоиз), Фарғона вилояти (32,7 фоиз) қайд этилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг 33 фоизи, Сенат аъзоларининг 24 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатларининг 25 фоизи аёллардир.

Юртимизда барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосарини хотин-қизлар орасидан тайинлаш тизими жорий этилди.

Бугунги кунда республика ва маҳаллий даражадаги ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлик лавозимларида жами 241 нафар хотин-қизлар фаолият юритаётган бўлиб, уларнинг 2 нафари раҳбар, 9 нафари раҳбар ўринбосари, 14 нафари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, 4 нафари туман (шаҳар) ҳокими ҳамда 212 нафари туман (шаҳар) ҳокимининг ўринбосарлари лавозимида фаолият юритмоқда.

Сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизларни лавозимларга тавсия этишга қаратилган “ижтимоий лифт” тизими яратилди. Хусусан, сиёсий партияларда фаолият юритаётган ташаббускор раҳбар хотин-қизлар сараланиб, Миллий кадрлар захирасига киритилди.

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг давлат хизматидаги иштирокини кенгайтириш, хотин-қизлар учун давлат хизматига кириш жозибадорлиги ва иш режими қулайлигини ошириш, аёлларнинг меҳнат бозорида рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, оналик таътилида бўлган аёлларни касбга, қайта ўқитишни ташкил этиш, оиланинг фарзандлар тарбиясидаги масъулиятини уйғунлаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, хотин-қизларнинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишида мавжуд гендер стереотипларини йўқ қилишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Конференцияда хотин-қизларнинг давлат хизматидаги ўрни ҳамда давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал қилишда, долзарб аҳамиятга эга бўлган қарорларни қабул қилиш ҳамда уларни амалга оширишда иштирокини янада кенгайтириш, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА