Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Нозимахон Давлетова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Араб Амирликларига сафари доирасида Шаржа Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда шаҳар полициясида оила ҳимоясига доир илғор тажриба билан танишди.
“WAM” ахборот агентлиги хабар беришича, ташриф чоғида делегация Шаржа полицияси бош қўмондонлиги, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази директори вазифасини бажарувчи полковник Муҳаммад Ал-Ғазол ҳамда Ички ишлар вазирлигининг офицер ва масъул ходимлари билан учрашди.
Вакилларимиз марказнинг оилавий масалаларда шахсни қўллаб-қувватлашдаги ўрни, ишониб топширилган ихтисосликлар, жамият аъзоларига хизмат кўрсатиш борасидаги хизматлар ва дастурлари, илғор тажрибаси ҳақидаги маълумот билан танишди. Меҳмонларда оила ва бутун жамият ҳимоясини кафолатловчи барқарор ижтимоий ривожланишга эришишда марказ томонидан кўриб чиқиладиган мурожаат турлари ва реабилитация усуллари катта таассурот қолдирди.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА