Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Нозимахон Давлетова бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Бирлашган Араб Амирликларида “Дубай аёллар ва болалар жамғармаси” томонидан олиб борилаётган илғор тажриба билан танишди. Бу ҳақда БАА ахборот агентлиги – WAM хабар берди. Томонлар ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масаласини муҳокама қилдилар.

Мамлакатимиз делегациясини Фаровонлик ва реабилитация ҳамда Таълим ва аҳолига хизмат кўрсатиш департаментлари раҳбарлари Ғанима Ал-Баҳрий ва Шамс Ал-Муҳарий қабул қилди.

Ташриф доирасида вакилларимиз жамғарма томонидан одам савдоси жабрдийдаларига ҳамда оиладаги зўравонлик ва болаларга нисбатан шафқатсизлик қурбонларига кўрсатилаётган хизмат бўйича энг илғор амалиёт билан танишди. Болалар ва аёллар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларни психологик ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбир, ташаббус ва дастурлар юзасидан тажриба алмашилди.

Меҳмонлар учун жамғарма объектлари бўйлаб экскурсия ташкил этилиб, парвариш ва реабилитация дастурлари, ўйин терапияси усуллари ҳақида маълумот берилди. Гуруҳ терапияси, дам олиш хонаси, қўнғироқ маркази ва масофавий суд хизмати ҳам меҳмонларга манзур бўлди.

Жамғарма Бош директори вазифасини бажарувчи Шайха Саид Ал-Мансурий Ўзбекистон делегацияси ташрифидан мамнунлигини билдириб, болалар ва аёлларни ҳар қандай зўравонликдан, эксплуатациядан ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.

Мавжуд тажрибани инсон, хусусан, аёллар ва болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятдаги мавқеини яхшилашга интилаётган барча мамлакатлар билан баҳам кўришга тайёрлигини изҳор қилди.

Ўз навбатида мамлакатимиз делегацияси аъзолари ҳам ҳамкорлик уфқини кенгайтириш истагини билдирдилар.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА