Қўқон шаҳрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Давлатимиз раҳбари Бешариқ туманидаги имкониятларни ҳам ишга солиш йўлларини кўрсатиб ўтди.  

Бешариқни Тожикистоннинг Сўғд вилояти билан боғловчи кўприкдаги ишлар якунига етказилса (қурилиш ишлари 70 фоиз бажарилган), йўл 5 баробарга қисқаради. Натижада Бешариқ Тожикистоннинг 500 минг аҳолиси учун транзит ҳудудга айланади.

Бу Бешариқда камида 40 миллион долларлик сервис, савдо, сайёҳлик ва тиббиёт туризми объектларини барпо қилиш учун катта имконият.

Шунингдек, тумандан ўтувчи магистрал автомобиль йўли бўйида савдо ва сервис объектларини ташкил қилиб, камида 500 нафар аҳолини даромадли қилиш бўйича жами 8 миллион долларлик 60 та лойиҳа ташаббускорлари аниқланган.

Сариқамиш кўлида экотуризм масканларини барпо қилиш, овчилик туризмини йўлга қўйиш учун тадбиркорлар 10 миллион доллар инвестиция киритиш таклифини билдирган. Шу орқали Сариқамиш кўли атрофига ҳар йили 50 минг нафар сайёҳни жалб қилиб, туризм хизматларидан қўшимча 5 миллион доллар даромад топиш мумкин.

Тумандаги 6 та маҳаллада жойлашган собиқ минерал ўғит сақлаш омборлари негизида тадбиркорлар 21 миллион доллар инвестиция киритиш ҳисобидан мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш ташаббусини билдирган.

ЎзА