Мамлакатимизда сўнгги йилларда ичимлик суви таъминоти ва таъминланиш даражаси, уни асраб-авайлаш ҳамда оқилона фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий технологияларни соҳага жалб этиш мақсадида ташкилот томонидан янги халқаро лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланиб, халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг халқаро рейтингларда мавқейи кўтарилаётганлиги унинг халқаро молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини янада кенгайтириш учун замин яратмоқда.

Жумладан, жорий йил бошидан “Ўзсувтаъминот” АЖ бир қатор халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйди. Хусусан, жамият ва Жанубий Кореянинг “К-Wаtеr” академияси ўртасидаги ҳамкорлик лойиҳаси тизимда энг истиқболли лойиҳа бўлди, десак муболаға бўлмайди.

“Ўзсувтаъминот” АЖ  бошқаруви раиси ўринбосари в.б. Х.Рахматуллаев “К-Wаtеr” академияси бош менежери Джонг Ёнг Ким билан учрашиб, ҳудудий сув таъминоти корхоналари фаолияти билан танишди. Ҳудудларда давра суҳбатлари ҳамда семинар-тренинглар ўтказилди.

Шунингдек, сув академияси концепцияси ва ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Қувонарлиси, академия бош менежери “Ўзсувтаъминот” АЖ вакилларини йилнинг энг муҳим воқеаси, 2024 йил 20-21 май кунлари Индонезиянинг Денпасар шаҳрида бўлиб ўтадиган 10-жаҳон сув форумига иштирок этиш учун таклиф қилди.

Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири