Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Жумладан, Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси билан инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқариш ва сотганлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши таклиф этилмоқда. Шунингдек, лойиҳада этил спирти, алкогол ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик ёки муомалага киритганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасида тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш каби маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун жазоларни кучайтириш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормалар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, улар партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларига ҳамоҳанг эканлигини ҳамда партия электорати манфаатларига тўла мос келишини таъкидладилар.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси маъқулланди.

 Муҳтарама Комилова, ЎзА