“Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси” мавзусида халқаро конференциянинг иккинчи қисмида “Ўзбекистон маданий меросининг туризмни ривожлантиришдаги ўрни” мавзусига бағишланган сессия бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибидан туризм соҳасида эришилган ютуқлар муҳокамаси ўрин олди. Шунингдек, туризм инфратузилмасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш, тақдим этилаётган хизматлар сифатини ошириш ва жаҳон бозорларида миллий туризмни фаол тарғиб қилиш, кадрлар салоҳиятини кучайтириш орқали соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, туризм тарғиботини хорижда ташкил қилиш йўналишида Буюк Британиянинг BBC, АҚШнинг CNN, Европанинг “Euronews” жаҳон телекомпаниялари, АҚШнинг йирик Netflix ва “Amadeus” онлайн-стриминг платформалари, Хитойнинг “Trip.com” онлайн-саёҳат платформаси, Бирлашган Араб Амирликларининг “Holiday factory” сайёҳлик компанияси, “Visa Faсilitation Services Global” компанияси маъмурияти билан туризм салоҳиятини тарғиб қилиш юзасидан келишувга эришилган.
Жорий йил мамлакатга ўн миллион нафар хорижий сайёҳ жалб қилиниб, 20 миллион маҳаллий аҳоли саёҳатлари ташкил қилиниши қайд этилди. Бунинг натижасида 2 миллиард доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилади. Йил якунига қадар зиёрат туризми йўналишида Туркия, Индонезия, Малайзия, Покистон, Бангладеш, Япония, Исроил, Ҳиндистон ҳамда МДҲ давлатларидан 1,2 миллион нафар зиёратчи жалб қилинади.
Маълум қилинишича, жорий йил 16-20 октябрь кунлари UNWTO – БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқанд шаҳрида ташкил этилади. Тадбирда 150 дан зиёд давлат туризм вазирлари, етакчи туроператорлар, авиакомпаниялар, инвесторлар, олийгоҳлар вакиллари иштироки таъминланади. Бош ассамблея доирасида режалаштирилган инвестиция ва таълим форумлари ҳамда Бутунжаҳон туризм ташкилотининг туризм академияси расмий очилиш маросими амалга оширилиши режалаштирилган.
UNWTO Ўзбекистонни туризм соҳаси энг тез ривожланаётган 20 мамлакат ичида 4-ўринда эътироф этгани мамнуният билан эълон қилинди. Бундан ташқари, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” рейтингида Ўзбекистон 32-ўриндан 22-ўринга кўтарилиб, “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган ўн мамлакат қаторига киргани айтилди.
Анжуманда, шунингдек, таълим, театр ва цирк, кино, бадиий академия, концерт-томоша, маданият марказлари, номоддий маданий мерос, ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб қилиш ва давлат хусусий шерикчилик йўналишларида йил якунига қадар амалга ошириладиган ишлар, режа ва кўрсаткичлар тўғрисида ҳисобот ҳам тақдим этилди.
Тадбирда хорижий мутахассислар ҳам муҳим мавзуларда тақдимот қилишди. Якунда “Ҳовли мусиқа фестивали”нинг очилиши, “Энг яхши палов” гастрономик шоуси ҳам бўлиб ўтди.
Беҳруз Худойбердиев, ЎзА