ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳридаги ишончли вакили Рустам Калонов Бектемир тумани Маданият марказида туман сайловчилари билан учрашди. Ишончли вакил сайловчиларни номзоднинг сайловолди дастури билан таништирди.

Тадбирда сайловолди дастурига биноан мамлакатимизнинг  барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда амалга оширилиши кутилаётган ишлар ҳақида сўз борди. Хусусан, 2030 йилгача иқтисодиётимиз ўсиш суръатлари 2 баробар оширилиб, 160 миллиард долларга етказилади. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 2 минг 200 доллардан 4 минг долларга оширилади.

Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш орқали меҳнат унумдорлиги 2 баробарга оширилади. 2030 йилгача мис ишлаб чиқариш 3,5 баробар, олтин – 1,5 карра, кумуш – 3 марта, уран – 3 баробар оширилади. Тарихимизда илк бор алюминий, литий, пўлат, графит ишлаб чиқариш орқали 2,5 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади.

Шунингдек, автомобилсозлик соҳасида ишлаб чиқариш ҳажми уч баробар оширилади. Йилига 300 мингта электромобиль ишлаб чиқарилади. Саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилади. Саноатни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади ва унга 1 миллиард доллар ажратилади.

Келгуси йилларда 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналари ташкил қилинади. Тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида саноат ипотекаси тизими тўлиқ йўлга қўйилади. Ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зоналари ташкил этилади. IT хизматлари экспорти 5 миллиард долларга олиб чиқилади. 2030 йилга қадар жами экспорт ҳажми 2 баробар оширилиб, 45 миллиард долларга етказилади.

Учрашувда 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини ошириш ва иқтисодиётимизга инвестицияларни жалб этиш борасида илгари сурилаётган ташаббуслар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, инвестицияларни жалб этиш 2030 йилгача 250 миллиард долларга етказилади. Йиллик кредитлаш ҳажми 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказилади. Кредит фоиз ставкаси 20 фоиздан 10-12 фоизга туширилади. Ижтимоий реестрга кирган аҳолини ишга олган корхоналарга ходимининг даромад солиғи қайтариб берилади. Вақтида солиқ тўлаётган корхоналарга қўшилган қиймат солиғи қайтариш муддати бир кун этиб белгиланади ҳамда уларда солиқ текширувлари ўтказилмайди ва давлат харидларида устунлик берилади.

Учрашув якунида ишончли вакил сайловчиларни партия номзодини бўлажак сайловда қўллаб-қувватлашга чақирди.

М.Комилова, ЎзА