Ўзбекистон МДҲга аъзо давлатларнинг “Ҳамдўстлик болалари” саккизинчи халқаро маданий-маърифий форумига мезбонлик қилмоқда.
Тошкент вилоятидаги “Семурғ” соғломлаштириш оромгоҳида ўтказилаётган форум МДҲ Парламентлараро ассамблеяси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича Давлатлараро жамғармаси кўмагида ташкил этилган.
“Ҳамдўстлик болалари: замонлар ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқлик” шиори остида ўтказилаётган бу йилги форумда Aрманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан 14-17 ёш доирасидаги 10 нафардан мактаб ўқувчилари ва уларнинг устозлари иштирок этмоқда.
Мақсади болалар ва ёшларни яхши қўшничилик ва ҳамкорлик руҳида тарбиялаш учун халқаро платформа яратишдан иборат бўлган мазкур лойиҳада 2013-2022 йиллар мобайнида МДҲ давлатларидан жами 800 га яқин мактаб ўқувчиси қатнашган.
Форумнинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирокчиларни қутлади.
– “Ҳамдўстлик болалари” халқаро маданий-маърифий форумининг Ўзбекистонда илк бор ўтказилиши, албатта, ўта муҳим халқаро тадбир бўлиб, зиммамизга катта масъулият юклайди. Биз ёшларнинг жамият ва давлат ривожига қўшаётган ҳиссасини доим ҳар томонлама қўллаймиз. “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” эзгу ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш орқали фаол ёшларни миллий парламент фаолиятига янада кенгроқ жалб этмоқдамиз. Форум доирасида Ёшлар парламенти аъзолари билан бевосита мулоқотни ҳам режалаштирганмиз. Умид қиламанки, бундай мулоқот янги ташаббус ва лойиҳаларни илгари суриш имконини беради. Бу йилги форум “Замонлар ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқлик” деб номланиши бежиз эмас. Зеро, айнан сизлар тенгдошларингизни жипслаштириб, кўп асрлар давомида мавжуд бўлган илм-фан, маърифат, эзгулик ғояларини бойитиб, буюк бунёдкорлик яратасиз, – деди Т.Норбоева.
Иштирокчиларга, шунингдек, Беларусь Республикаси Миллий Мажлиси Кенгаши раиси Н.Кочанова ҳамда МДҲ Парламентлараро ассамблеяси Бош котиби – Кенгаш котибияти раҳбари Д.Кобицкий ҳам табрик йўллади.
Форумнинг тантанали очилиши маросими ижодий жамоаларнинг чиқишлари билан давом этди.
Бу йил илк бор Ўзбекистонда ўтказилаётган форумнинг ҳар бир куни муайян давлатнинг маданияти ва тарихига бағишланади. 29 июнга қадар давом этадиган лойиҳада ёшлар спорт ўйинлари, саёҳатлар, баҳслар, ижодий семинарлар, квестлар, мусиқий флеш-мобларда иштирок этади. Суҳбат ва мунозаралар давомида болалар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, экология, халқаро ҳамкорлик, маданият, туризм каби масалалар муҳокама қилинади.
Тадбирнинг биринчи кунида Ўзбекистон делегациясининг тақдимоти ўтказилди. Унда иштирокчилар бетакрор қадриятларимиз, миллий анъаналаримизни ўзида акс эттирган ҳунармандчилик маҳсулотлари, ўзига хос санъатимиз намуналари, ўзбек миллий таомлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти вакиллари билан жонли мулоқот ўтказилди.
Форум иштирокчилари Сенат биносига ташриф буюриб, парламент аъзолари билан учрашади.
Н.Абдураимова,
ЎзА