Ватан шаънини халқаро спорт майдонларида улуғлаш шараф. Бундай қудратга эга чемпионларни камолга етказиш не чоғли машаққатли меҳнат ва изланиш талаб қилишини мураббий-устозлар яхши англайди.

Бугун нафақат юртимизда, балки жаҳон спорт оламида машҳурлик шоҳсупасига кўтарилган Баҳодир Жалоловдек, Акбар Жўраевдек, Давлат Бобоновдек ўнлаб номдор спортчиларимизнинг шундай мақомга кўтарилиши сўзсиз, давлатимиз томонидан жисмоний тарбия ва спорт ривожига эътибор, мураббий-мутахассисларнинг фидойилиги, спортчилардаги истеъдод туфайли амалга ошмоқда.

Юртимизда ўтган йиллар мобайнида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, зарур шарт-шароитлар яратиш ҳамда халқаро спорт майдонларида муносиб иштирок этишини таъминлаш борасида изчил чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан бундан икки йил муқаддам имзоланган “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асосан қабул қилинган жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепциясининг жорий этилиши янги-янги чемпионларнинг камол топишига мустаҳкам замин тайёрламоқда.

Аммо таассуфки, мамлакатимизда профессионал спортчиларни тайёрлаш тизими бундан 5-10 йиллар муқаддам ягона тизимга, аниқ дастурга эга бўлмагани ҳам сир эмас. Биргина юқорида номлари келтирилган Жалолов, Бобонов, Акбаров ва ё бошқа спортчиларимизнинг катта спортда бўй кўрсатиши, терма жамоалардан жой олиши, жаҳон майдонларида юксак ғалабаларга эришиши аниқ дастурлар, саралашлар туфайли эмас, маълум бир мутахассисларнинг назари, уларни қўллаши, фидойилиги,  жонкуяр ватандошларимизнинг алоҳида эътибори туфайли рўй берганини бугун халқ билади.

Масалан, Баҳодир Жалоловнинг ўн беш йиллар муқаддам минг бир машаққат билан Чирчиқ олимпия коллежида таҳсил олгани, кейинчалик уч босқичли спорт ўйинларининг муҳим бўғини “Универсиада” ўйинларида гоҳ Жиззах, гоҳ Тошкент вилояти, гоҳ Сурхондарё вилояти номидан қатнашиб юрган кезларида қайси омиллар, қандай вазиятлар уни ёрқин манзилларга бошлаганини бунга гувоҳ бўлганлар яхши эслайди.

Худди шундай ҳолат Бобонов, Акбаров, улардан олдинги авлод Муҳаммадқодир Абдуллаев, Абдулла Тангриев, Ришод Собиров каби спортчилар ҳаётида ҳам у ёки бу даражада акс этганки, агар Баҳодирга, Муҳаммадқодирга, Ришодга, Акбарга, Ҳасанбойга, Абдуллага, Фазлиддинга давлатимиз эътибори қатори, руҳий қувват бўлганлар бўлмаганда Лондон-2012, Рио-2016, Париж-2024 Олимпиадаларидаги, жаҳон ва қитъа чемпионатларидаги шонли ғалабаларга эриша олармидик? Ғурур-ифтихор ҳисларини қалб-қўримиз билан туярмидик? Дунё ҳамжамияти ўзбек спортининг муваффақиятлари ҳақида ҳаяжон билан сўзлармиди?

Бу гапларни нега айтяпмиз? Нега ўн йил нари-беридаги ҳолатларни ёд этяпмиз? Ниҳоллар ўз-ўзидан чинорга айланмайди. Ўз ҳолича ўсадиган кўчатлардан ям-яшил боғлар, алп келбат чинорлар бунёд бўлмайди. Ҳар қандай яшнаш, яшариш меҳнат, ишларнинг режали, тартибли олиб борилиши, моддий ва маънавий эътибор туфайли рўй беради.

Бугун жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг таг замини шу мақсадларга қаратилганки, Ватан довруғини достон этадиган спортчиларнинг янги авлоди қисқа фурсатда етишиб чиқаётгани ўтган комплекс мусобақаларда яққол кўзга ташланди. 2021 йили Қозонда ташкил этилган МДҲ ўйинлари ҳамда ўтган йили ўтказилган “Осиё болалари” ўйинлари Ўзбекистон спортининг янги Баҳодирлари, Улуғбеклари, Абдуллалари, Давлатлари камолга етаётганлигини кўрсатди.

Бошланган ҳаракатлар орқали мақсадли кўрсаткичларга эришиш йўлида Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида маҳоратли спортчиларни аниқлаш, танлаш, саралаш, пировардида олимпия спорт захирасини шакллантириш назарда тутилган.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги томонидан жорий йилнинг июнь-июль ойларида ҳудудларда ушбу тамойиллар бўйича амалга оширилган ишлар ҳолатини ўрганиш ва жойларда ички мусобақаларни ўтказиш асносида истеъдодли ёшларни кашф этиш белгиланди. Режа-дастурлар ишлаб чиқилди.

Ушбу режа-дастурга биноан, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида 22  олимпия спорт турлари бўйича саралаш турнирлари, ички мусобақалар, ўқув-машғулотлар, жойлардаги мураббийлар учун амалий сабоқлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.

Сифатли олимпия захирасини шакллантириш юзасидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, Андижон, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида 12 та саралаш спорт мусобақалари, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё вилоятида 9 та, Бухоро, Навоий вилоятларида 10 та, Жиззах, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида 13 та, Наманган, Сирдарё, Тошкент вилоятларида 14 та, Фарғона вилоятида 17 та саралаш мусобақалари ўтказилиши белгиланган бўлиб, бугунгача бир қатор ҳудудларда енгил атлетика, камондан ўқ отиш, бокс, дзюдо, волейбол, таэквондо, оғир атлетика, теннис каби спорт турлари бўйича иқтидорли ёшлар аниқланди.

Режага кўра, шу кунларда Андижонда бадминтон, Бухорода эшкак эшиш, Жиззахда қиличбозлик, Хоразмда бокс, Тошкент вилоятида чим устида хоккей, Наманганда велоспорт, Самарқандда гандбол, Сирдарёда оғир атлетика саралаш мусобақалари ўтказилишига ҳозирлик кўрилмоқда.

Юқорида айтганимиз ниҳолнинг чинорга айланиши не чоғли мураккаб жараён бўлганидек, мазкур мусобақаларда маҳоратини намойиш этиб сараланган, танланган ёшлар орасидан Ўзбекистон спортининг яқин келажакдаги ўнлаб Баҳодирлари, Акбарлари, Давлатлари, Улуғбеклари етишиб чиқса, не тонг. Фақат иқтидорлиларни аниқлаш тизимига масъул бўлганлар адолатли ва ҳалол бўлса бас.

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА