Байроғимизга нисбатан ҳурматсизлик ва ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка оид аниқ нормалар ҳам белгиланмоқда.

Сенатнинг қирқ иккинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Сенат Раиси Танзила Норбоева байроғимиз – давлатимизнинг асосий рамзларидан бири сифатида миллий ўзлигимиз, қадриятларимиз, давлатчилигимиз ва энг муҳими, мустақиллигимизни ўзида ифода этишини қайд этди.

– Шу маънода қонунга киритилаётган янгиликлар жуда муҳим аҳамиятга эга, – деди Сенат Раиси. – Халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг юртга садоқати, фахр-ифтихори ифодаси сифатида Давлат байроғидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш зарур. Бу борадаги тартиб-таомилларни янада эркинлаштирган ҳолда аниқлаштириш, халқимизнинг яхши кунларида, хонадонларда байроғимиз ҳилпираб туришига имкон бериш, содда қилиб айтганда, байроғимиз том маънодаги халқ байроғи бўлишига эришишдир. Қонун билан байроғимизга нисбатан ҳурматсизлик ва ножўя хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка оид аниқ нормалар белгиланаётгани ҳам эътиборга молик.

Мазкур қонун фуқароларнинг таклифлари ва талаб-истакларини ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Давлат байроғидан спорт мусобақаларида, оммавий жисмоний тарбия ва маданий тадбирларда, расмий халқаро тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарини нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчиларнинг дафн маросимларида ҳамда бошқа ҳолларда ҳурматни сақлаган ҳолда байроғимиздан фойдаланиш мумкинлигини назарда тутувчи меъёрлар қонунчиликка киритилмоқда.

Байроқ тасвири туширилган белгилардан фойдаланишда ҳам аҳолига кенг имкониятлар яратилади. Жумладан, байроқдан жамоат жойларида, бинолар ва бошқа объектларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт воситаларининг салонида, расмий халқаро тадбирларда, ҳарбий ёки бошқа давлат хизматида бўлган шахсларнинг кийим-бошида ва фарқловчи нишонларида, халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийим-бошини тайёрлашда фойдаланиш мумкин.

Байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-ахлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда ёхуд уларни таҳқирлаш ҳисобланадиган бошқача тарзда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Сенат аъзолари қонунни маъқуллаб, келгусида бу давлат байроғидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга, юртдошларимизда ватанпарварлик ҳиссининг янада ошишига, энг муҳими, халқимизнинг байроқ билан янада яқинроқ муносабатда бўлишига хизмат қилишини таъкидлади.

Норгул Абдураимова, ЎзА