Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни Қашқадарё вилояти сайловчилари билан учрашди.

Учрашувни номзоднинг Қашқадарё вилояти бўйича ишончли вакили Шуҳрат Асланов очди. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида вилоят иқтисодиёти жадал ривожлантирилиб, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётгани, халқимизга муносиб шароитлар яратилаётгани қайд этилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди.

Номзод дастлаб келгуси етти йилда Қашқадарёда таълимни ривожлантиришга оид режалари ҳақида тўхталди.

– Энг аввало, 2030 йилга қадар вилоятда мактабгача таълим соҳасидаги қамров юз фоизга етказилади. Шу мақсадда қарийб 1 триллион 300 миллиард сўм маблағ ҳисобидан 1 минг 745 та янги боғча ташкил этилади. Олис ва чекка ҳудудларни мактабгача таълим билан қамраб олиш учун 1 минг 500 ўринли 28 та мобиль гуруҳ ташкил этилади. Боғчаларда 12 ўринли 350 та бир йиллик бепул тайёрлов гуруҳлари ва 50 та қисқа муддатли гуруҳлар тузилади.

Келгуси етти йилда мактаб таълимида қўшимча 130 минг ўқувчи ўрни яратилади, вилоятда ўқувчиси 30 нафардан ортиқ бўлган синфлар қолмайди (ҳозирда 4 мингдан зиёд синфда 35 та бола ўқийди).

Шунингдек, 237 та мактаб мукаммал таъмирланади, 591 та мактаб замонавий ўқув анжомлари, лаборатория ва компьютерлар билан жиҳозланади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қашқадарё вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш бўйича қилинадиган ишлар бўйича маълумот берилди.

– Тиббиёт соҳасида 37 та поликлиника, 95 та оилавий шифокорлик пункти ташкил этилади, даволаш ўринлари 12 мингтага етказилади. Қарши шаҳридаги тарқоқ 5 та шифохона негизида “Она ва бола” кластери барпо этилади. Нишон, Чироқчи, Косон, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида замонавий туғруқ комплекслари қурилади (550 даволаш ўрни).

Келгуси йилларда 800 нафар эҳтиёжманд аёллар ва уларнинг вояга етмаган фарзандларини даволаш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади, – деди номзод.

Учрашувда шаҳар жамоат транспортига 100 та замонавий электробус олиб келиниши, электромобиллар учун 200 та зарядлаш станцияси қурилиши айтилди.

Президентликка номзоднинг айтишича, бу мақсадлар учун 30 миллион доллар жалб қилинади.

Халқаро молия ташкилотлари билан бирга  “Қарши – Шаҳрисабз – Китоб” ва “Самарқанд – Қарши” йўллари капитал таъмирланиши (177 километр), “Олмаота – Бишкек – Тошкент – Шаҳрисабз – Термиз” йўлининг Қашқадарё ҳудудидан ўтувчи 60 километр қисми реконструкция қилиниши маълум қилинди.

Аҳолини эҳтиёжманд қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳам доимий эътиборда бўлади.

Хусусан, Қашқадарёдаги эҳтиёжманд оилага мансуб 20 минг талабага контракт пуллари тўлаб берилади. Ушбу мақсадлар учун 220 миллиард сўм йўналтирилади.

– Ўз бизнесини ижарага олинган бинода бошлаётган ёшларимизга бир йиллик ижара харажатининг 50 фоизи қоплаб берилади. Талабалар учун давлат ташкилотларида иш ҳақи тўланадиган стажировка тизими жорий қилинади, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларни “ҳақиқий қаҳрамон” деб атади.

– 150 минг нафар ёшларимиз хориж олийгоҳларида таълим олмоқда. Бундан ташқари, 2 миллион атрофидаги юртдошларимиз рўзғорини тебратиш учун, оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – хорижда меҳнат қилмоқда. Албатта, мусофир юртда, турли қийинчилик ва машаққатларга чидаб, ҳалол меҳнат қилиб, нон топиш осон эмас. Хорижда бундай шароитда яшаб келаётган одамларимизни ҳақиқий қаҳрамон, десак, тўғри бўлади.

Чет элларда тажриба ва малака орттираётган ана шундай ватандошларимизга раҳмат айтишимиз керак, – деди номзод.

Шавкат Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда хориждаги юртдошларимизни қўллаб-қувватлашга оид режалари ҳақида алоҳида тўхталди.

–Янгиланган Конституциямизда давлат ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлашини муҳрлаб қўйдик. Ҳозир бу ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ амалга ошириш бўйича келгуси етти йиллик режаларимни айтаман,– деди номзод. – Хорижий давлатларда ҳунарманд ва кулоллар кўргазмалари ўтказилади, Наврўз ва Мустақиллик байрамлари кенг нишонланади.

Ватандошларимиз учун Ўзбекистон бўйлаб, айниқса, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларига махсус саёҳатлар ҳамда чегирмалар пакети ишлаб чиқилади.

Бу ишларни самарали ташкил қилиш учун “Ватандошлар” жамоат фондига 300 миллиард сўм ажратилади.

Ушбу жамоат фондининг ваколатлари ҳам кенгайтирилади. Ватандошлар билан янада яқинроқ ишлаш учун янги инструмент ва имкониятлар яратиб берилади, – деди президентликка номзод.

Ватандошлар учун Ўзбекистонда ишлаши учун лицензия талаби бекор қилиниши айтилди.

Хусусан, мамлакатимизда ишлаш ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ватандошларимиз учун:

– кириш визалари муддати 1 йилдан 3 йилга узайтирилади, давлат божлари 3 карра пасайтирилади (ҳозирда – 250 долларгача);

– Ўзбекистонда ишлаши учун лицензия талаби бекор қилинади, барча ҳуқуқлардан фойдаланиш имконияти яратилади;

– Ўзбекистонда доимий яшаш тартиби соддалаштирилади;

– мамлакатимизда уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, таълим, тиббиёт ва бошқа давлат хизматларидан тенг ҳуқуқлилик асосида фойдаланиш имконини берадиган “Ватандош гувоҳномаси” жорий қилинади, – деди номзод.

Чет элдаги фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтирилиши маълум қилинди.

Хусусан, оғир аҳволга тушиб қолган барча юртдошларимизга хорижий давлатнинг ўзида моддий ёрдам имкониятларини янада кенгайтирамиз. Жумладан, уларга вақтинча яшаш, ҳужжатларини тиклаш, она Ватанига қайтиш каби харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

– Бундан ташқари, тақдир тақозоси билан хорижда вафот этган юртдошларимизни ўз юртига олиб келиш давлат томонидан таъминланади. Уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларига алоҳида ғамхўрлик қилинади, фарзандларини ўқитиш ва касб-ҳунарга ўргатиш бўйича ҳар томонлама ёрдам кўрсатилади. Хорижда ишлаётган одамларимизнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга адвокат жалб этиш харажатларини қоплаш ва ҳуқуқий ёрдам бериш тизими йўлга қўйилади, – деди номзод.

Учрашувда АҚШ, Канада, Буюк Британия, Япония ва Европа давлатларидан юқори маош тўланадиган иш топиб кетаётган юртдошларимизга йўл чиптаси ва “ишчи виза”ни олиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилиши айтилди.

Бундан ташқари, чет элдаги юртдошларимиз учун:

– онлайн ҳужжат олиш ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш имкониятлари яратилади, уларнинг нархлари ички тарифларга тенглаштирилади;

– доимий консуллик ҳисобида туриш бадали бекор қилинади, ҳисобда туриш шартлари соддалашади;

– соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш кўлами кенгайтирилади. Бунда “ижтимоий реестр” ва “3 та дафтар”ларга кирган шахсларга суғурта харажатлари учун субсидия берилади;

– Германия, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа давлатларда, шунингдек, Россиянинг йирик шаҳарларида бепул ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатадиган марказлар очилади (ҳозирда Россиянинг Москва шаҳрида ҳамда Корея, Қозоғистон ва Туркияда ташкил этилган);

– хориждаги юртдошларимизнинг барча масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиш учун элчихоналаримиз, Ташқи ишлар, Бандлик ва Ички ишлар вазирликларида туну-кун ишлайдиган “колл-марказлар” ташкил этамиз.Умуман, хориждаги ватандошларимиз билан ишлаш, чет элга ишлашга ва ўқишга кетган одамларимизни ижтимоий, ҳуқуқий ва моддий қўллаб-қувватлаш тадбирларига келгуси йилларда 200 миллион доллар йўналтирилади”, – деди номзод.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ва бошқаларни ҳам шунга даъват этди.

 

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, ЎзА