Россия – Украина

АҚШ Президенти Жо Байден ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Украина атрофидаги зиддиятдан хавотир билдирди. Вашингтон ва Деҳли айни вазиятда томонларни БМТ Низомига, шунингдек, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойилига содиқ қолишга чақирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

“Ҳар икки томон украин халқига гуманитар ёрдам кўрсатишни давом эттиришга ваъда берди, инқироздан кейин Украинани тиклаш муҳимлигига эътибор қаратди”, дейилади баёнотида.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш дон шартномасини узайтириш билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди, дея маълум қилди Давлат департаменти раҳбари Мэттью Миллер.

Кеча Лондонда якунланган Украинани тиклаш бўйича конференция қатнашчилари яқин йилларда Киевга 60 миллиард евро ажратишга келишди. Бу ҳақда Британия ТИВ раҳбари Жеймс Клеверли маълум қилди.

Вазир аниқлик киритишича, “ЕИ бюджетидан уч йил давомида 50 миллиард евро ажратилиши алоҳида таъкидланди, шу давр учун Жаҳон банки уч миллиард еврога кафолат берди. Украинани қайта тиклаш ишида 42 мамлакатдан 500 га яқин компания иштирок этиши маълум қилинди.

АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Хитой ва Украина яқин орада мавжуд инқироз бўйича кенг форматда маслаҳатлашув ўтказади. Бу ҳақда кунчиқар юрт ҳукуматидаги манбаларга асосланиб, “Nikkei” газетаси хабар берди. Копенгагенда ўтадиган тадбирнинг санаси ҳали келишилмаган.

Франция Президенти Эммануэль Макрон ва ХХР Бош вазири Ли Цян учрашувида бошқа долзарб халқаро мавзулар қатори Украинадаги инқироз ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳақда Елисей саройидаги манбага таяниб, “France-Presse” агентлиги хабар берди.

– Тинчликка эришиш учун нима кераклигини фақат Россия ва Украина билади, – деди Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силва. – Назаримда, аввал томонларни оташкесинни тўхтатиш зарурлигига ишонтириш керак, кейин уларни музокара даврасига чорлаш керак. Ҳозир қайси мамлакатлар бу ишга бош қўшиши мумкинлиги тўғрисида ўйлаяпмиз. Ҳиндистон, Мексика… Ёки нима учун Африка давлатлари эмас?! Мен Рим Папаси Францискнинг “тинчлик ҳақида гапириш учун аввал одамларни бирлаштириш керак”, деган фикрини тўла қўллаб-қувватлайман.

Украина ТИВ раҳбари Дмитрий Кулеба “Бўлажак қарши ҳужум арафасида Киев Америка ваъда қилган “Abrams” танкини олиши мумкин”, деган фикрни билдирди. У маҳаллий ОАВга интервьюсида “Украина қанча лозим бўлса, шунча қарши ҳужум уюштиради, деган.

– Украина можароси НАТО ва Россия ўртасига соя туширмаслиги керак, – деди Германия канцлери Олаф Шольц. – Киевнинг Шимолий Атлантика альянсига интилишини тўғри қабул қилиш керак. Фақат бу вазиятда мамлакатнинг ҳарбий эҳтиёжига эътибор қаратиш лозим.

Ҳарбий ёрдам кўрсатишдан аввал Украинани НАТОга кириш йўлида сиёсий қўллаб-қувватлаш лозим, деди Литва ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис.

Швейцария сентябрь ойида Киевга минадан тозалаш машинаси юборади, дея маълум қилди маҳаллий ҳукумат матбуот хизмати.

“Swiss Digger” компанияси ишлаб чиқарган масофадан бошқариладиган ихчам машина ҳудудларни минадан тозалашда жуда қулай. Ушбу хавфсиз мослама кенг ҳудудни тез ва самарали тозалайди.

Аброр ХОН, ЎзА