Май ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида номзод сифатида иштирок этган Туркиянинг асосий мухолифат Республика-халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғли ўзига қарши очилган 28 даъво аризаси бўйича тергов доирасида ҳибсга олиниши эҳтимоли бор.
Умуман, ушбу сиёсатчига Президент Режеп Таййип Эрдоғанни ҳақорат қилишда айбланиб, 110 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин, деб хабар тарқатди “Respublika” телеканали.
Қиличдорўғли президентликка даъво қилгани учун парламент сайловида қатнаша олмади. Яъни у дахлсизлик мақомига эга эмас.
Бу вазиятдан фойдаланган ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси вакиллари сайловлардан сўнг дарҳол республикачилар етакчисига нисбатан парламентга келиб тушган таҳдид, туҳмат, адоват ва миллий низо қўзғатиш, террор ташкилоти ташвиқотини олиб бориш сингари сўровларни бирлаштириб, шу асосда Эрдоғанни ҳақоратлаш айби билан жиноий иш қўзғатиш ташаббуси билан чиқди.
Қайд этилишича, аксарият даъво аризаларининг муаллифи Туркия раҳбарининг ўзи. Бунгача давлат етакчиси бир неча бор бундай маҳкама ишларида ғалаба қозонгани, тушган маблағларни эса хайрия ишларига сарфлагани айтилади.
Таҳлилчилар таъкидича, бош мухолифатчининг жиноий жавобгарликка тортилиши эҳтимоли жуда кам. Зеро, бу мамлакатда беқарор вазият юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.