Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятовнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Халилла Ешимбетов сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда ёшлар иштирок этди.

Ишончли вакил сайловчиларга номзод ҳақида батафсил маълумот берди. Таъкидланганидек, номзоднинг сайловолди дастурида арзон уй-жой ва сифатли коммунал хизматлар, кафолатли тиббий ёрдам кўрсатиш, ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократия, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, конструктив ташқи сиёсатга оид тўққизта устувор йўналиш бўйича аниқ ва манзилли таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилган.

Дастурда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга йўналтирилган ташаббусларга эътибор қаратилган.

Ишончли вакил сайловчиларни Президентликка номзод Улуғбек Иноятовга овоз беришга чақирди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев ЎзА