Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб фракция раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи хусусида тўхталди.
– Ўзбекистон бугун хорижий давлатлар билан очиқ, прагматик сиёсат юритиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида дунёга ўз эшикларини янада кенгроқ очмоқда. Айниқса, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш йўлида самарали ишлар олиб бориляпти. Бу борада Ўзбекистоннинг Эрон Ислом Республикаси билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Жумладан, Форс кўрфазидаги Эронга қарашли Бандар-Аббос, Чобаҳор портлари Ўзбекистоннинг очиқ денгиз орқали дунё бозорига чиқиши учун энг яқин ва қулай йўл ҳисобланади. Айнан транспорт-логистика йўналишида икки давлат раҳбарлари ўртасида самарали музокаралар ўтказилди ва бир қатор келишувларга эришилди. Бу мамлакатимизнинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамият касб этади, – деди Алишер Қодиров.
Шундан сўнг депутатлар “Фармацевтика соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси билан “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ҳамда “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармакологик воситаларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш, дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этиш, фармацевтика бозорига янги замонавий дори воситалари кириб келишини рағбатлантиришга қаратилган нормалар белгиланмоқда.
Шунингдек, депутатлар “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
– Ортиқча суд босқичларини бекор қилиш мақсадида судлар фаолиятида “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди, – деди фракция аъзоси Даврон Арипов. – Суд ишларини қайта кўриш тартиби ўзгартирилиб, туманлараро, туман, шаҳар судларида ишлар биринчи инстанцияда, вилоят ва унга тенглаштирилган судларда ишларни апелляция тартибида, Олий судда ишлар кассация тартибида кўриб чиқилиши белгиланди.
Шу билан бирга, кейинги йилларда “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида белгиланган тартиблар бўйича бир неча камчиликлар аниқланди. Жумладан, Олий суднинг ваколатлари кенгайтирилиши эвазига ишларни ҳал этишда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар хизматидан самарали фойдаланиш имконияти мавжуд эмаслиги оқибатида Олий судда ишларни кўриш ҳажми кескин ортди. Хусусан, Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьясининг 2020 йилда ўртача ойлик иш ҳажми 2,7 та ишни ташкил этган бўлса, 2021 йилда 14,1 тани, 2022 йилда бу кўрсаткич бўйича 15,8 тани ташкил этмоқда. Бу судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасининг норма даражасидан ортишига олиб келиб, ишларнинг кўриш сифатига ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Шунингдек, иш ҳажмининг ортиши фуқароларнинг ортиқча сарф-харажат қилишига, судма-суд сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. Ва бу табиий равишда фуқароларда судга нисбатан норози кайфият уйғонишига олиб келяпти.
Мазкур камчиликларни ҳал қилиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси суд қарорларини қайта кўриш босқичларини янада такомиллаштиришга қаратилган бўлиб, бу билан Фуқаролик процессуал кодексига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, – деди депутат.
Муҳокамалар давомида фракция аъзолари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши одамларнинг судма-суд сарсон-саргардон юришига барҳам беришини, одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасини камайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА