Хабар берганимиздек, бугун, 18 июнь эрта тонгда АҚШнинг Нью-Орлеан шаҳрида ўтказилган навбатдаги профессионал бокс кечасида ҳамюртимиз Шаҳрам Ғиёсов ярим ўрта вазн тоифасида америкалик Харольд Кальдерон билан рўбарў келди. 12 раундга мўлжалланган жанг тўлиқ давом этди. Профессионал боксда 27 жанг ўтказиб бирон марта ҳам мағлубиятга учрамаган Кальдерон бу сафар Ғиёсовнинг шиддатли зарбалари олдида ожиз қолди. Ҳакамларнинг якдил қарори билан 120-108, 118-110, 116-112 ҳисобларида Шаҳрам ўзининг 14- ғалабасини тантана қилди.
Айтиш жоиз, ушбу тўқнашув WBA йўналишида мажбурий даъвогарлик жанги мақомига эга бўлиб, Ғиёсов энди WBA йўналиши чемпиони Эррол Спенс ёки WBA Regular чемпиони Эймантас Станионис билан жанг қилиш имкониятини қўлга киритди.
Кеча оқшом Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ҳам навбатдаги профессионал бокс кечасида бир қатор боксчиларимиз рингга кўтарилди.
RCC Boxing промоушени томонидан ташкил этилган ушбу бокс баҳсида супер ўрта вазн тоифасида босчимиз Одилжон Аслонов 8 раундга мўлжалланган жангда россиялик Василий Штикни мағлубиятга учратди. Аслонов мезбонлар вакилини техник нокаутга учратиб, профессионал боксдаги тўртинчи ғалабасини тантана қилди.
Ушбу бокс оқшомининг марказий жанги ўрта вазн тоифасида ҳамюртимиз Баҳромжон Фозилов ва россиялик Вадим Туков ўртасида кечди. Жанг тўлиқ 10 раунд давом этди. Якунда ҳакамларнинг қарори билан 98:92, 98:92, 99:91 ҳисобларида россиялик боксчининг устунлиги эътироф этилди.
Шаҳрамнинг океан ортидаги ишончли ғалабаси, Россия рингларида профессионал боксчиларимизнинг шиддатли юриши, куни кеча Тошкентда ўтказилган ажойиб бокс баҳслари Ўзбекистон профессионал бокс ҳаётида қайноқ даврлар янада рангбаранглик касб этаётганини кўрсатмоқда.
Бу, яқин келажакда янги юксалишлар, ёрқин ғалабалар муждасини бошлаб келиши шубҳасиз. Зеро, олдинда бизни Бектемир, Исроил, Муроджон, Олимжон каби боксчиларимиз иштирокидаги ажойиб жанглар кутмоқда.
Т. Рўзиев, ЎзА