Пойтахтимиздаги «Ҳумо арена» мажмуасида ўтказилган профессионал бокс оқшомида Мужибилло Турсунов «WBC Central Asia» минтақавий камарини қўлга киритди. Кечанинг марказий жангида Мужибилло Турсунов қозоғистонлик Дилшат Нуримга қарши рингга кўтарилди.
Биринчи ярим ўрта вазнда (63,5 кг) Гран-при финали ҳамда «WBC Central Asia» камари учун ўтган ушбу жангда Мужибилло 8-раунд якунига кўра, ҳакамларнинг бир овоздан берган қарори билан ғалабани қўлга киритди.
Шунингдек, энг енгил вазнда (56,2 кг) «WBA Asia South» камари учун ҳамюртимиз Миразиз Мирзахалилов қозоғистонлик Нурслан Сабировни 4-раундда техник нокаутга учратди ва «WBA South Asia» камарини қўлга киритди.
Ўрта вазн тоифасида (72,5 кг) Гран-при турнирининг ярим финал жангларида Исломбек Мўминов (Ўзбекистон) ҳакамлар қарорига кўра Сухроб Қаюмовга (Ўзбекистон) имкониятни бой берди. Анвар Туропов эса Берекет Таиров (Қозоғистон) устидан муваффақиятга эришди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА