Ҳар бир ота-она ўз фарзандига нисбатан ғамхўрлик қилиши, уларнинг тарбиясида иштирок этиши, моддий ва маънавий жиҳатдан таъминлаши лозим. Гарчи кўпчилик оталар томонидан ушбу мажбурият ўз хоҳиши билан бажарилса, афсуски айримлари буни жавобгарликдан кейин англаб етади.
Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судининг қарори юзасидан қарздор Ж.Р.дан С.Базарбаева фойдасига алимент ундириш учун МИБнинг Элликқалъа тумани бўлими томонидан ижро иши қўзғатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор Ж.Р. бир неча бор огоҳлантирилган. Аммо шунга қарамай, у алиментни қасддан тўламай келган. Қарздорлик эса 97 млн. сўмдан ошиб кетган ва доимий рўйхатдан ўтган манзилидан кетгани аниқланган.
Шу боис Ж.Розумовга нисбатан қидирув эълон қилиниб, қарздор Тошкент вилояти, Чиноз туманидан топилган ва шу куннинг ўзида онлайн суд ташкиллаштирилган.
Суд жараёнида қарздор ўз номидаги уйини алимент қарзи эвазига фарзандлари номига расмийлаштириб бериши ҳақида қарор қабул қилди.
Яна бир ҳолат: Фуқаролик ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Нукус туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор П.Ю.дан ундирувчи З.Исломова фойдасига уч нафар фарзандининг таъминоти учун қарздорнинг ойлик даромадининг ½ қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Мазкур ижро ҳужжати МИБнинг Хўжайли туман бўлими томонидан олиб борилган ҳаракатлар давомида алимент ойма-ой тўланган.
Лекин, жорий йилнинг май ойида ота бюро бўлимига келиб, алимент эвазига ўзига тегишли 3 хонали уйни бериш истагини билдирган ва давлат ижрочилари томонидан кўрсатилган амалий ёрдамдан кейин алимент тўловчи ота уйини расмийлаштириб берди.
ЎзА