Тошкентда бадиий гимнастика бўйича жаҳон кубоги босқичи якунланди. Гимнастика бўйича болалар-ўсмирлар ихтисослаштирилган республика олимпия захираси спорт мактабида ўтган мусобақа Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Гимнастика федерацияси, Халқаро гимнастика федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда вакилларимиздан ташқари, Арманистон, Беларусь, Болгария, Венгрия, Россия, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Словения, АҚШ, Чехия, Эстония ҳамда Украинадан келган гимнастикачилар саккиз йўналишда ғолиблик учун баҳслашди.
Мамлакатимизда спортни ривожлантиришга, болалар, айниқса, қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишига шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида юртимизда барча спорт турлари қатори бадиий гимнастика ҳам қизларимиз ўртасида жадал оммалашди ва истеъдодли гимнастикачилар етишиб, улар йирик халқаро мусобақалар ҳамда турнирларда юқори натижаларни қўлга киритиб келмоқда.
Мазкур мусобақаларда гимнастикачилар яккалик ва гуруҳ баҳсларида кўпкураш ва алоҳида гимнастика предметлари ёрдамида машқ бажариш бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказди. Аксарият гимнастикачи қизларнинг маҳорати мухлису мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. Гимнастикачи қизларнинг чиқишлари, гиламдаги енгил, чаққон ва нозик ҳаракатлари томошабинларга завқ бағишлади. Ушбу мусобақалар спорт, айниқса, бадиий гимнастика нафақат жисмоний, балки маънавий гўзалликни шакллантириш, шахсни тарбиялашнинг муҳим асосларидан бири эканини яна бир карра исботлади.
Жаҳон кубогининг яккалик баҳсларида ҳалқа, тўп, булава ва тасма билан машқлар бажарган гимнастикачилар ўртасида ҳамюртимиз Сабина Тошкенбоева муносиб иштирок этди. У булава билан машқ бажаришда 17,950 балл тўплаб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасига кўтарилди.