Москва шаҳрида дзюдо бўйича профессионаллар ўртасида ўтказилган «Russian Judo Tour» халқаро мусобақасида 100 дан зиёд спортчилар қаторида ўзбекистонлик 3 нафар спортчи совринли ўринларга даъвогарлик қилди.

Халқаро турнирнинг 66 килограмм вазнидаги баҳсларида иштирок этган ҳамюртимиз Муҳриддин Тиловов саралаш баҳсларида россиялик ва озарбайжонлик рақибларини мағлуб этди. Ярим финал баҳсида қозоғистонлик Шерхон Бахтигалиевдан устун келди. Аммо финалда тожикистонлик Нурали Имоналига кичик ҳисобда имкониятни бой бериб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Ушбу вазнда татамига чиққан маҳоратли дзюдочимиз Дилшодбек Баратов саралашдан муваффақиятли ўтди. Ярим финал остонасида айнан турнир ғолиблигига эришган тожикистонлик дзюдочидан енгилиб, 5-ўрин билан кифояланди.

73 килограммда ўз омадини синаб кўрган ҳамюртимиз Азизбек Зокиржонов саралаш мусобақаларини муваффақиятли ўтказди. Аммо чорак финалга ўтиш остонасида Эрон вакилига кичик ҳисобда мағлуб бўлди. Ҳамюртимиздан устун келган эронлик спортчи ярим финал остонасида россиялик дзюдочи томонидан тўхтатилди.

Т.Рўзиев,

ЎзА