Пойтахтимизда жиу-жицу бўйича «Ўзбекистон Кубоги – 2024» мусобақаси бўлиб ўтди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи самарали тарғиб қилинаётгани боис халқаро майдонда юртимиз шарафини ҳимоя қилувчи спортчиларимиз ютуқлари тобора ошиб бормоқда.

Тошкент шаҳридаги «Универсал» спорт мажмуасида жиу-жицу бўйича ўтказилган Ўзбекистон кубоги мусобақаси мамлакатимизда спортни янада ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

20-23 декабрь кунлари бўлиб ўтган мусобақада республикамизнинг барча вилоятидан келган муносиб спортчилар иштирок этди.

Иноят Ражабов, Ўзбекистон жиу-жицу федерацияси Бухоро вилояти бўлими раҳбари:

– «Ўзбекистон Кубоги – 2024» мусобақасига Бухоро вилоятидан 150 га яқин спортчи билан келдик. Баҳслар шиддатли ва қизғин кечди. Сифат ва сон жиҳатдан ҳам ўсиш юқори бўлмоқда. Мусобақага юртимизнинг барча вилоятлари спортчилари ўзига хос кучли тайёргарлик билан келибди.

Кубок баҳсларини халқаро сертификатга эга бўлган, профессионал ҳакамлар бошқарди.

Баян Ал-нурий, Бирлашган Араб Амирликларидан ташриф буюрган ҳакам:

– «Ўзбекистон кубоги – 2024» мусобақаси ташкилий масалаларда аъло даражада, спортчиларнинг тайёргарлик даражаси бўйича ҳам юқори савияда ташкил этилганига гувоҳ бўлдим.

Ўзбекистон кубоги нафақат кучли спортчиларни аниқлаш, балки жиу-жицу спорт турини янада оммалаштиришга хизмат қилади.

Катталар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтган жиу-житсу спорт тури бўйича мусобақа натижаларига кўра, Ўзбекистон кубоги умумжамоа ҳисобида 1-ўрин Қорақалпоғистон Республикаси, 2-ўрин Қашқадарё вилояти, 3-ўринга Бухоро вилояти спортчилари лойиқ кўрилди.

Мусобақа сўнгида ғолиблар тақдирланди.

А.РУСТАМОВ, ЎзА