Футбол бўйича ҳар қандай мусобақа катта қизиқиш билан кузатилиши шубҳасиз. Бироқ, Европа қитъасининг кучли бешлик чемпионатларига бўлган қизиқиш кўпроқ эътибор марказида бўлади.

Футбол шарҳимизда Испания, Англия, Франция, Италия ва Германия чемпионатларида қайд этилган сўнгги натижалар билан сизларни таништириб ўтамиз.

Испания Ла Лигасининг 18-туридан ўрин олган “Реал Мадрид” ва “Севилья” учрашуви 4:2 ҳисобида якунланди. Мазкур ғалабадан сўнг “Қироллик клуби” очколари сонини 40 тага етказиб олди ва турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилди.

Мусобақа пешқадамлари ўртасидаги ўйинда кутилмаган натижа қайд этилди. Гап шундаки, бу турдан ўрин олган “Барселона” ва  “Атлетико” учрашувида меҳмонлар муҳим ғалабани қўлга киритди. Дастлаб, учрашувда мезбонлар вакили Педри 30-дақиқада ҳисобни очган бўлса, “Атлетико” футболчиси Де Пауль 60-дақиқада ҳисобни тенглаштирди. 90+6-дақиқада Александер Сёрлот гол урган ҳолда ҳисобни 1:2 кўринишига олиб келди ва “Атлетико” ғалабасини таъминлади.

Мазкур натижадан сўнг, “Барселона” Ла Лига турнир жадвалида 19 ўйинда 37 очко жамғариб, 3-ўринга тушиб кетди. “Атлетико” эса 18 та ўйинда 41 очкога эга чиққан ҳолда пешқадамга айланди.

Шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, бундан олдинги турларда Ханси Флик қўл остидаги “Барселона” жамоаси «Лас-Пальмас» (1:2) ва «Леганес»га (0:1) имкониятни бой берди. Бу каби ҳолат клуб тарихида иккинчи маротаба содир бўлди. Биринчи бор Каталония клуби 1965 йил Ла Лигада кетма-кет уч маротаба мағлуб бўлган эди.

Ла Лиганинг 18-турида қуйидаги натижалар қайд этилди: “Хетафе” – “Мальорка” 0:1, “Сельта” – “Реал Сосьедад” 2:0, “Осасуна” – “Атлетик Бильбао” 1:2, “Жирона” – “Вальядолид” 3:0, “Валенсия” – “Алавес” 2:2,  “Леганес” – “Вильярреал” 2:5, “Лас-Пальмас” – “Эспаньол” 2:5, “Бетис” – “Райо Вальекано” 1:1.

Мусобақанинг 19 тур учрашувлари 11-14 январь кунлари бўлиб ўтади.

Англия премьер лигасининг 17-турида «Манчестер Юнайтед» клуби “Old Trafford” стадионида «Борнмут» жамоасини қабул қилиб, кутилмаганда 0:3 ҳисобида мағлубиятга учради. «Вулверхэмптон» сафарда «Лестер» устидан йирик 3:0 ҳисобда зафар қучди. «Эвертон» ҳамда «Челси» учрашувида ҳисоб очилмади.

Турнинг марказий учрашуви дея эътироф этилган “Тоттенхэм” – “Ливерпуль” баҳсида мухлислар 9 та гол гувоҳига айланди. “Hotspur” стадионида ўтган ўйинда “Ливерпуль” Салоҳ ва Диаснинг дубли, Макалистер ҳамда Собослаининг биттадан голи эвазига мезбонларни 6:3 ҳисобида таслим қилди.

“Кристал Пэлас” эса “Арсенал”га қарши ўз уйида ўйин ўтказди. Мезбонларнинг ягона голига меҳмонлар 5 та гол билан жавоб қайтарди. Шунингдек, бу турдаги қолган учрашувларда қуйидаги натижалар қайд этилди: “Ипсвич” – “Ньюкасл» 0:4, “Астон Вилла” – “Манчестер Сити” 2:1, “Брентфорд” – “Ноттингем Форрест” 2:1, “Вест Хэм” – “Брайтон” 1:1, “Фулхэм” – “Саутгемптон” 0:0.

Шу тариқа, “Ливерпуль” 16 ўйинда 39 очко жамғариб, жадвалда карвонбошилик қилаётган бўлса, “Челси” ва “Арсенал” 17 ўйин якунига кўра 35 ҳамда 33 очко билан кучли учликни якунлади. 18-тур ўйинлари 26-28 декабрь кунлари ташкил этилади.

Дарвоқе, бу ҳафта якунида Франция кубоги ўтказилди. Биз учун аҳамиятли ўйин, албатта, “Ланс” – “ПСЖ” клублари баҳси бўлди. Кубокнинг  1/32 финал босқичидан ўрин олган ўйиннинг 66-дақиқасида ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусановнинг зарбасидан сўнг тўп Нзолага тегиб гол бўлди. Орадан кўп ўтмай Рамуш ҳисобни тенглаштирди ва ғолиб жамоа номи пенальтилар сериясида аниқланди. Пенальтилар сериясида эса парижликлар 3:4 ҳисобида устун келди. Европанинг турли жамоалари ўз таркибига қўшишни истаётган Абдуқодир Ҳусановга учрашувда 7 балл қўйилди.

Энди эса Италия А Сериясининг 17-туридан ўрин олган учрашувларга эътибор қаратамиз. “Рома” ўз майдонида “Парма”ни 5:0 ҳисобида таслим қилди. Шунингдек, ушбу турда “Торино” – “Болонья” 0:2, “Женоа” – “Наполи” 1:2, “Лечче” – “Лацио” 1:2, “Венеция” – “Кальяри” 2:1, “Аталанта” – “Эмполи” 2:1 ва “Монца” – “Ювентус” 1:2  ҳисоблари қайд этилди.

17-тур якунларига кўра “Аталанта” 40 очко билан биринчи, “Наполи” 38 очко жамғариб иккинчи, “Интер” 34 очкони қўлга киритиб, учинчи поғонага жойлашди.

Германия Бундеслигаси 15-турида “Айнтрахт” ўз майдонида 1:3 ҳисобида “Майнц” клубига имкониятни бой бериб қўйган бўлса, “Байер” 5:1 ҳисобида “Фрайбург”ни таслим қилди. Мусобақа пешқадами бўлиб турган “Бавария” “Allianz Arena” стадионида “РБ Лейпциг” устидан 5:1 ҳисобидаги ғалабага эришди.

Ўтказилган тур якунларига кўра, “Бавария” 36 очко билан жадвалнинг биринчи ўрнидан жой олди. “Байер” 32 очко билан иккинчи, “Айнтрахт ” эса 27 очко тўплаб, учинчи поғонани эгаллади.

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА