Франциянинг Монпелье шаҳрида дзюдо бўйича 6 та давлатнинг 14 та жамоаси иштирокида ўтган клублар ўртасидаги Европа чемпионлар лигаси мусобақасида ҳамюртимиз, «Париж-2024» Олимпиада ўйинлари бронза медали соҳиби Алишер Юсупов ҳам иштирок этди.
Беш карра Олимпия ўйинлари ғолиби франциялик Тедди Ринер билан биргаликда Франциянинг «ПСЖ» жамоаси таркибида мусобақада қатнашган маҳоратли дзюдочимиз баҳсларни муваффақиятли ўтказди.
Алишер Юсуповнинг жамоаси аввалига Франциянинг яна бир дзюдо клуби “AM Asnieres” жамоасини 4-1 ҳисобида доғда қолдирган бўлса, ярим финалда Украина терма жамоасига очко бермади. Финалда эса Сербия жамоасини доғда қолдирган “ПСЖ” Европа чемпионлар лигаси ғолибига айланди.
Айтиш лозим, Алишер Юсупов ўтказилган беллашувларнинг барчасида рақибларидан устун эканини намойиш этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА