Доҳа шаҳрида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтаётган оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг ортда қолган кечаги кунги баҳслари Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учун янги ютуқларни туҳфа этди.
Чемпионатда 20 та мамлакатнинг маҳоратли ёш оғир атлетикачилари қатнашмоқда. Ҳамюртимиз Зулфия Рамазонова ўсмирлар ўртасида, Зиёда Худойқулова эса ёшлар гуруҳида ғолиблик учун кураш олиб борди.
Қизиқарли кечган баҳслар сарҳисобига кўра, Зулфия Рамазонова даст кўтаришда 83 кг натижа билан бронза медалига, Зиёда Худойқулова ҳам даст кўтариш машқида 92 кг натижа билан кумуш медални қўлга киритди.
Ёшлар орасида -67 кг вазн тоифасининг “А” гуруҳида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган истеъдодли спортчимиз Диёрбек Рўзметов даст кўтаришда 140 кг., силтаб кўтаришда эса 170 кг., иккикураш натижасида 310 килограмм тошни бўйсундирди.
У мазкур натижа орқали учта дастурда ҳам кумуш медалларга эгалик қилиб, ватанимиз спорт шуҳратини улуғлади.
Чемпионатда умумий ҳисобда 3 олтин, 6 та кумуш ва 2 та бронза медалини жамғаришга муваффақ бўлган Ўзбекистон терма жамоаси кучли жамоалар қаторидан жой олиб турибди.
Шундан 3 та олтин, 1 та бронза юртимиз ўсмир оғир атлетикачиларига, 6 та кумуш, 1 та бронза медали ёшлар терма жамоамиз ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бугун, 23 декабрь куни чемпионатнинг навбатдаги мусобақаларида 9 нафар спортчимиз ўз омадини синовдан ўтказади.
Терма жамоамиз аъзоларидан Беҳрузбек Ганжабоев, Абдулазиз Алимжонов ва Бобурмирзо Ёқубов 73 килода, Жамшидбек Рўзимбоев ва Ҳасанбой Бердиев 81 килода, Гулшодахон Дадамирзаева 76 килода, Нигора Сувонова 81 кило оғирликда, Нодирбек Жўраев ва Бекзод Ғофуржонов -89 килограммда ғолибликка даъвогарлик қилади.
Мусобақалар 25 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА