Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған душанба куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев таклифига биноан, давлат ташрифи билан Озарбайжонга келди. Бу ҳақда “AзерTAЖ” маълум қилди.

Ташрифнинг расмий қисми бугун, 13 июнь куни бўлиб ўтади. Мамлакатлар раҳбарларининг юзма-юз мулоқоти, шунингдек, делегациялар иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказилиши кутилмоқда.

“Анадолу” хабар беришича, Эрдоған Бокудан олдин Шимолий Кипрга борган. Туркия етакчиси анъанага мувофиқ сайловдан кейин биринчи бўлиб айнан шу икки манзилга сафар уюштирди.

Эрдоған “Биз яна 50 йил дош беролмаймиз, Шимолий Кипрнинг тенг мақомини халқаро миқёсда тасдиқлатиш биз учун зарурий шартдир”, дея баёнот берди.

Кипр 1974 йил давлат тўнтариши натижасида иккига бўлинган. Ҳарбий амалиёт натижасида туркларга оролнинг 37 фоиз ҳудуди ўтган, қолгани Кипр назоратида. 1983 йил Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкил этилган, бироқ ҳудуд халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган.

Кипр Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Эрдоғаннинг Шимолий Кипрга ташрифини ноқонуний, деб атади.

“ТИВ Туркия Президентининг босиб олинган ҳудудларга ноқонуний ташрифини қоралайди. Бу БМТ Хавфсизлик кенгашининг тегишли резолюциялари яна бир бор қўпол равишда бузилишидир”, дейилади вазирлик баёнотида.

 

Аброр ХОН,

ЎзА