Ўзбекистон – Индонезия алоқалари

Бугун, 12 июнь куни икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Индонезия вице-президенти Маъруф Амин рафиқаси Вури Амин билан илк бор мамлакатимизга келди.

Индонезия ҳукуматига қарашли “Airbus 330” самолёти ҳозиргина Тошкент Халқаро аэропортига қўнди. Мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Ташриф дастурга мувофиқ, вице-президент 16 июнга қадар Ўзбекистонда бўлади. Делегация таркибига мамлакатнинг қатор вазирлик ва идоралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, шунингдек, тадбиркорлар киритилган.

Ташриф давомида Индонезия делегацияси мамлакатимиз ҳукумати, вазирлик ҳамда идораларида икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказади. Ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади.

Шунингдек, Индонезия делегацияси Самарқандга ҳам ташриф буюради. Меҳмонлар Халқаро сайёҳлик марказида бўлиб, вилоят ҳокимлиги вакиллари билан учрашади.

Маълумот ўрнида қайд этиш лозим, Индонезия мамлакатимиз мустақиллигини 1991 йил 28 декабрда тан олган. Дипломатик муносабатлар 1992 йил 23 июнда ўрнатилган.

Кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқа жадал ривожланаётгани қувонарли. Хусусан, 2019 йил сентябрдан бошлаб Бухоро давлат университети ва Ғунадарм университети ўртасида туризм соҳаси мутахассисларини тайёрлаш бўйича қўшма магистратура таълим дастури ҳам йўлга қўйилди.

2022 йил 6-11 сентябрь кунлари Индонезия парламенти Вакиллар палатаси спикери Пуан Маҳарани Тошкентда бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ аъзолари спикер аёлларининг 14-саммитида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Ўтган йил 13-16 ноябрь кунлари эса Индонезия парламенти Вакиллар палатаси спикери ўринбосари Р.Гобелнинг ёш болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ЮНЕСКОнинг II Бутунжаҳон конференцияси ишида иштирок этиш учун юртимизга келди.

Яқинда, 2023 йил 6-7 июнь кунлари Индонезия туризм ва ижодий иқтисодиёт вазири Сандиага Салоҳуддин Унонинг ҳам диёримизга ташрифи ташкил этилди.

Беҳруз Худойбердиев, ЎзА