Ўзбекистон – Туркманистон ҳамкорлиги янги босқичга чиқади

Кўксаройдаги музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Қўшма баёнотни имзоладилар.

Минтақалараро ҳамкорлик тўғрисида Ҳукуматлараро битим, 2018-2020 йилларга мўлжалланган транспорт соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳамда 2019-2021 йилларда мўлжалланган илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида Ҳукуматлараро дастурлар, Ўзбекистон ва Туркманистонда савдо уйларини ташкил этиш, икки мамлакат Савдо-саноат палаталари ўртасида ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида битимлар, Ўзбекистон ва Туркманистон Ташқи ишлар ваирликлари ўртасида 2019 йилга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланди.

Икки томонлама ҳамкорликни қишлоқ хўжалиги, таълим, спорт, ёшлар, хотин-қизлар масалалари соҳаларида янада мустаҳкамлашга доир қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспексияси билан Туркманистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўртасида ўсимликлар карантини соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси билан Туркманистон касаба уюшмалари Миллий маркази ўртасида ва икки давлат Хотин-қизлар қўмиталари ўртасида Англашув меморандумлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан Туркманистон Ёшлар ташкилоти ўртасида Англашув меморандуми шулар жумласидандир.

e39fe3b9-de52-d87c-fd9f-41ad87189564.jpg

Шунингдек, ташриф доирасида олий ўқув юртлари ўртасида ва ахборот-коммуникация соҳаларида 15 ҳужат имзоланган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда Президентлар музокаралар, одатдагидек, очиқ ва самимий, ишчанлик руҳида ўтганини, эришилган келишувлардан хурсандлигини таъкидладилар. 2017 йил Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларида тарихий йил бўлди. Ҳозирги кунда ҳамма келишувларимиз тўла амалга ошириляпти. Бугунги учрашувимиз ҳам жуда самарали бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни чуқур, ҳар томонлама муҳокама қилдик. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, бу борада ҳал этилмаган масалалар қолмади. Барча йўналишлар бўйича ўзаро англашувга эришдик. Шу асосда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб олдик. Биз нимаики қилаётган бўлсак, халқларимиз учун, болаларимизнинг келажаги учун, деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА