Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Аргентинада ўтган U-20 жаҳон чемпионатида иштирок этиб келган Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси билан учрашди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбари Абдусалом Азизов терма жамоамиз аъзоларига жамоатчилик номидан мундиалдаги иштироки учун миннатдорлик билдирди. Чемпионатдаги натижалар, футболчиларимизнинг имкониятлари таҳлил қилинган ҳолда қайси йўналишларда техник-тактик маҳоратни ошириш бўйича фикрлар билдирилди.

Ушбу футболчиларимизга ишонч билдирилиб, ўз ишига профессионал ёндашилса, имкониятлардан унумли фойдаланилса келажакда олимпия ва миллий жамоалардан мустаҳкам жой эгаллаши мумкинлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, жамоа бош мураббийи Равшан Ҳайдаров, етакчи футболчилар Умарали Раҳмоналиев, Аббосбек Файзуллаев давлатимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдиришди, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабарида.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА