Ўзбекистон Республикасии иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Антонелла Бассани билан учрашди. Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси маълум қилди.

Икки томон вакиллари ўртасида ўтказилган учрашув аввалида иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев Антонелла Бассанини Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти лавозимига тайинлангани ҳамда Ўзбекистонга илк маротаба ташрифи билан қутлади.

Учрашув кун тартибида Жаҳон банкининг жорий инвестицион лойиҳалар портфели ҳамда 2023-2024 йиллардаги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди.

Антонелла Бассани  қайд этганидек, Ўзбекистонда эришилган макроиқтисодий барқарорликни барча эътироф этмоқда. Ўзбекистон бунга эришган минтақадаги саноқли давлатлардан биридир. Охирги 3 йилги инқирозли даврда жуда кам сонли мамлакатлар бунга эришган.

Учрашув давомида хорижий ҳамкорга бугун халқаро майдондаги геосиёсий вазиятга қарамай, мамлакатимизда аҳоли даромадлари ошаётгани, тадбиркорлик, хусусан, кичик бизнеснинг ривожланаётгани иқтисодий ўсишга замин яратаётгани ҳақида маълумот берилди.

Унда Ислоҳотлар дастури доирасида мамлакат учун муҳим бўлган энергетика, телекоммуникация, кимё саноати, транспорт, ижтимоий ва гендер тенглик каби устувор йўналишлар бўйича ҳам фикр алмашилди. Жаҳон банки билан ҳамкорликда мазкур йўналишлардаги ишларни давом эттиришга келишилди.

Жаҳон банки вакиллари томонидан бир соҳада амалга ошириладиган ислоҳотлар иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари ривожланишига таъсир кўрсатиши ҳамда уларнинг трансформациясига ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.

Учрашув доирасида Жаҳон банки билан “Чорвачилик соҳасини ривожлантиришнинг 2-босқичи” ва “Молия секторини ислоҳ қилиш” лойиҳалари бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Томонлар учрашув якунида ҳамкорликдаги лойиҳаларни келгусида жадал ривожлантириш, белгилаб олинган вазифаларни амалга оширишга келишиб олди.

 

Н. Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА