“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлинмаси томонидан “Обод маҳаллам” номли грант лойиҳасининг иш режаси бўйича мактаблар ўқувчилари ўртасида “Мен эккан ниҳол” мавзусида иншолар танлови ўтказилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади-атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар билан ҳамкорликда ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига ҳисса қўшишдан иборатдир. Лойиҳа асосида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда ўтказилган бу иншолар танловларида ўқувчилар экология ва жонли табиат ҳақида чуқур билимга эга эканлигини намойиш этдилар.
Жумладан “Жайхун илҳомлари” нодавлат нотижорат ташкилоти билан биргаликда ўтказилган “Мен эккан ниҳол” мавзусидаги иншолар танловида 13 та умумтаълим мактабидан ўқувчилар иштирок этишди.

Бадиий кенгаш аъзолари томонидан 85-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Севинчой Умрбоева “Энг яхши, таҳлилий фикри учун” 1-ўринга, 2-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси Гулҳаё Парахатова “Инсонпарварлик туйғулари улуғланган жўшқин фикри учун” 2-ўринга, 68-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Машҳура Файзуллаева “Энг яхши, эзгулик тарғиботчилиги учун” 3-ўринга муносиб деб топилдилар. Шунингдек, 10-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Шоҳноза Шеримбетова, 9-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зиёда Собирова “Фаол иштироки учун” номаницияси билан тақдирланди.


Ғолиб ва совриндорларга “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Амударё туман бўлинмаси томонидан қимматбаҳо совғалар ҳамда Фахрий ёрлиқлар топширилди.


Диёрбек Оразматов,

Қорақалпоқ давлат университети ахборот ҳизмати ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишининг 1 – босқич талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги