Россия Президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Режеп Таййип Эрдоғанни давлат раҳбари этиб қайта сайлангани билан табриклади. Бу ҳақда Кремль сайтида чоп этилган хабарда айтилади.

“Азиз дўстим, президентликка қайта сайланганингиз муносабати билан самимий табрикларимни қабул қилинг”, деб ёзган Путин.

Путин Эрдоғаннинг сайловлардаги ғалабасини унинг давлат раҳбари сифатидаги “фидокорона меҳнати”нинг “табиий натижаси”, деб атади.

Бу президентнинг Туркия давлат суверенитетини мустаҳкамлаш ва Анқара томонидан мустақил ташқи сиёсат олиб бориш борасидаги саъй-ҳаракатларини “турк халқи қўллаб-қувватлаганининг яққол далилидир”, деган Россия етакчиси.

“Туркия президенти билан халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан конструктив мулоқотимизни давом эттиришга тайёрлигимизни тасдиқламоқчиман. Сизга чин қалбимдан давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизда янги муваффақиятлар, мустаҳкам соғлиқ ва фаровонлик тилайман”, дея якунлайди қутловини Путин.

ЎзА