Мамлакатимизга ташриф буюрган Туркия ички ишлар вазирининг ўринбосари Ахмет Авшар бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Даврон Назармуҳамедов билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб бораётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада юксак даражага олиб чиқди. Ҳозирги кунда Туркия билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижасида савдо, саноат, инвестиция, транспорт, туризм, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларда истиқболли дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Учрашувда Д.Назармуҳамедов ички ишлар органларида ўтказилаётган туб ислоҳотлар, ахборот-коммуникация технологияларининг тизимга жорий этилиши юзасидан делегация аъзоларига маълумот берди.

Ахмет Авшар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган Туркия Республикаси фуқаролари учун виза тартибини соддалаштиришга оид қарор халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлганини қайд этди. Бу ҳужжат тадбиркорлик ва сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга келишни истаган туркияликларни жуда қувонтирди.

Учрашувда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича Туркия ички ишлар вазирлигида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Савдо, саноат, банк-молия, инвестиция, туризм, юк ташиш, соғлиқни сақлаш, кадрлар тайёрлаш, мудофаа ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ташрифнинг иккинчи кунида томонлар ўртасида соҳада ўзаро ҳамкорлик механизмини ишлаб чиқиш ва халқаро шартномалар лойиҳаси бўйича экспертлар йиғилиши ўтказилди. Унда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимининг таълим соҳасидаги ҳамда хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик механизмини яратишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА